Тадбиркор қандай ер олгани ҳақида
Эсингизда бўлса, 2017-2019 йилларда ҳокимларнинг "очиқ эшиклар куни", "тадбиркорлар билан учрашувлари" роса авж олганди. Расмий ва маҳаллий пропаганданинг шовқинларига ишониб, ер олиш илинжидаги тадбиркорларимиздан бири ҳоким ҳузурига кирипти. Воқеалар қайси ҳудудда бўлгани айтолмайман, қаҳрамонлар ўзларини таниб қолишлари мумкин. У ёғини унинг тилидан эшитинг.
"Ҳокимлар, айниқса ўринбосарлари шаҳарда қаерда ортиқча, фойдаланилмаётган ер бор, у ерда нима қуриш мумкин, у пайтда билишмас эди. Ҳокимлар тайинланиши билан сотиладиган ер қидиришга чиқиши кейин пайдо бўлди.
Ўзим кўз остимга опқўйган ер майдонининг контурини чизиб, аниқ таклиф билан ҳоким олдига кирдим. Кўрди. Хурсанд бўлиб, мана бизга сизга ўхшаган тадбиркорлар керак, деб айтди. Таклифингизни 2 ҳафтада ҳал қилиб берамиз, қарор қўлингизда бўлади дея, контурни олиб қолди. Хурсанд бўлиб чиқдим.
Бир ҳафта ўтди, жавоб йўқ, икки ҳафта ўтди, жавоб йўқ. 20 кунлардан кейин билсам, мен кўрсатган контурни бошқа одамга қарор қилиб берворишипти.
Шу орада яна ҳоким билан учрашув ўтказилди. Яна олдига кирдим, таклиф этган ерни бошқа шахсга қарор қилиб бериб юборилганини айтдим. Ҳоким, бу атрофидаги муттаҳамларнинг иши, ўзи ҳам бунақалардан роса чарчаганини айтиб, бошқа таклифингиз борми, деб сўради. Кўз остимдаги бошқа бўш майдонни айтдим. Жойлашган ҳудуд чизмасини қўлда чизиб кўрсатдим. Қоп-қоп ваъдалар берди. Ишонқирамай чиқдим.
Биринчи марта кирганимда пайдо бўлган шубҳа яна ўз исботини топди. Бир ойлар ўтиб мен таклиф этган ер бошқа одамга қарор қилиб берворилган.
Кейин ўзимнинг соддалигим ва менга ўхшаган бошқа содда тадбиркорларнинг тажрибасидан билдимки, ҳокимнинг тадбиркорлар билан учрашувлари бу тузоқ экан. Учрашувлар ва очиқ эшикларда тадбиркорлар таклиф этган ерлар зўр, қиммат жойлар бўлса, дарров ҳокимнинг атрофидаги шотирлар номига расмийлаштириш учун иш бошлаб юборишаркан.
Қарабсизки, энг қиммат жойлар ҳоким ва унинг атрофидагилар қўлига ўтиб кетаверади. 3-4 ой ўтиб, ўша ер участкаларига қарор чиққанлар ерни учинчи шахсларга пуллашади. Энг осон схема шу - фирманинг таъсисчиси ўзгаради. Бўлди.
Шундай қилиб, мен ва менга ўхшаш ишонувчан, содда тадбиркорлар ҳам аввалдан ўзимиз мўлжаллаган ер участкаларни иккинчи қўлдан олдик. Албатта текинга эмас, отнинг калласидек бозор нархида. Кейин бу пуллар кимларга ва қаерларгача етиб боргани менга қоронғу".