14K94Telegramda ochish
Коррупцияга қарши курашнинг узун ва оғир йўли. Биринчи пост Ўтаётган ҳафта давомида мамлакатда юз берган энг муҳим воқелик бу Ёшлар форуми ҳам эмас, Сергели метроси ишга тушгани ҳам эмас ва Конституцияга ўзгартириш киритишга антиконституцион уринишлар ва буни оқлашлар ҳам эмас. Менинг назаримда бу Андижон ва Жиззах вилояти ҳокимликлари масъулларининг давлат харидлари бўйича ўзлаштиришлари борасида олиб борилган суриштирувлардир. Масъул идораларнинг коррупцияга қарши кураши лўлича муолажа даражасида олиб борилаётган бир вақтда Давлетов коррупцион суриштирув сифати ва даражасини янги босқичга олиб чиқа олди. Ташқаридан қараганда, давлат харидлари базасидан қидирувлар натижасида йиғилган маълумот ўлароқ кўрилса-да, аслида бу суриштирувлар бир неча кунлик оғир меҳнатнинг натижаси ҳисобланади. Чунки давлат хариди бўйича битим ажратиб олингач, асл бенефициарларнинг яна қайси субъектлар ва битимлар билан боғлиқ эканини текширишга, уларнинг қариндош ёки қариндош эмаслигини аниқлашга, бир неча манба орқали ҳар бир далилни факт-чекинг ўтказишга тўғри келади. Жуда кўп ҳолатларда фуқароларимиз коррупцияга ва бундай ўзлаштиришларга толерант муносабатда бўлгани учун ва нормал ҳисоблаши туфайли, баъзида катта қўрқув сабабли билган маълумоти билан бўлишишни ҳам истамайди. Ўзбек чиновникларининг хотини, ота-онаси, фарзандлари, ака-укалари битта фамилияда бўлмаслиги қийинчиликларини ўзингизга тасаввур этинг. Суриштирувдаги кичкина бир хато ёки ноаниқлик ҳокимиятни бойлик орттириш манбаига айлантириб олган ўғрилар учун бутун бир суриштирувнинг картинасига лой чаплашга, хаспўшлашга имконият яратиб беради. Энди ўзингизга бир тасаввур қилинг, агар stat.uz базасига субъектнинг СТИРи киритилиши билан рўйхатдан ўтган юридик шахсларнинг раҳбари, таъсисчилари тўғрисидаги маълумотлар билан бирга уларга таалуқли ва боғлиқ барча хўжалик субъектлари чиқиб келиши таъминланса, суриштирувлар қанчалар осонлашарди. Барча нормал давлатларда шундай ва буни шакллантириш статистика органига ҳеч бир қийинчилик туғдирмайди . Лекин Ўзбекистонда эмас. Энди ўзингизга тасаввур этинг, агар ўзбек чиновниклари ўзлари ва яқин қариндошларининг даромадлари, харажатлари, мол-мулклари тўғрисида декларацияни очиқлашганида коррупцион суриштирув қанчалар тезлашган бўларди. Бутун нормал дунёда шундай, шу тизим орқали чиновниклар ва уларнинг барча уруғлари жамоатчиликнинг доимий назоратида. Лекин Ўзбекистонда эмас. Нега? Сабаблари, масалан менга тушунарли. Агар маълумотлар олиш ва солиштириш воситалари осонлаштирилса, давлат харидлари орқали ўтаётган битимлар бўйича ҳар куни ўнлаб суриштирувларни амалга ошириш мумкин бўлиб қолади. Ва бунга бир неча кун эмас, бир неча соат кифоя бўлади. Ҳокимиятни бойиш воситасига айлантирган, давлат харидлари орқали миллиардларни ўзлаштиришга дахл этган ўғри чиновникларни қидиришдан кўра, бу ишга бош қўшмаганларни, қўли булғанмаганларни топиш муаммога айланади. @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin