19K144Telegramda ochish
Давлат хизматчиларининг даромадини декларациялаш тўғрисидаги қонун нима бўлди? Кунўз бизнес билан шуғулланишда давом этаётган ва бизнесга эгалик қилаётган ҳокимлар тўғрисида мақола эълон қилипти. Қонунлар йўқ Андижондан кибор Тошкентгача бўлган ҳудудларда ҳокимлар ҳокимлик билан бирга бизнес билан шуғулланишда давом этишмоқда, чунки айнан давлат амали уларга ўз бизнесларини янада кенгайтиришга, лавозим ваколатларидан ўнгигаям, сўлигаям фойдаланишга йўл очади. Ҳеч бир бизнес йилига икки ва уч карра рентабеллик келтирмайди, лекин айнан давлат амали билан чатишган бизнес шундай имконият яратади. Айтиш керакки, янги Ўзбекистондаги ўзбек амалдорлари худди ўрта аср хонликларидаги феодал боёнлар сингари, уларга ҳамма нарса мумкин, уларга қонун йўқ, фақат садоқатни намоён этишса бўлди. Худди шунинг учун ҳам 6 йилдан бери Давлат хизматчиларининг даромадини декларациялаш масаласи онгли ва мақсадли равишда пайсалга солиб келинмоқда. Бир йил аввал ёзган эканман: "Шахсан мен ҳам нафақат июнда, йил охиригачаям бу жараён тугаши эҳтимолини юқори баҳоламайман. Чунки ўғри ва муттаҳамлар ҳалигача даромадлари ва мулкларини қайта расмийлаштириш ишларини якунлаб тугатишгани йўқ". Ҳозир ҳам шу фикрдаман. Декларациялаш билан боғлиқ қонун 2017 йилдаёқ қабул қилиниши керак эди, даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими Президент фармонига кўра 2022 йил 1 январдан кучга кириши керак эди. Ҳатто ўзбек чиновниклари Халқаро валюта жамғармаси миссиясини ҳам алдашган. Ўтган йили ХВЖ билан келишувга кўра, қонун 2022 йил июнь ойи охиригача тасдиқланиши ва юқори мансабдор шахслар 2023 йил бошигача даромад ва мулк декларациясини тақдим этишлари шарт эди. Дарвоқе, кеча Кристалина Георгиевага бу ҳақда нима дейишди экан? Ё ош ва зарчопон билан навбатдаги марта қўйнини ваъдаларга ва яна бошқа нарсаларга тўлдириб жўнатишдими? Коррупцияга қарши кураш Агентлиги қаёққа қараяпти деган луқмаларга мен мутлақо эътибор бермасликни тавсия қиламан. Зеро бу муаммодан чалғитади. Чунки шахсий фикримча, Агентликни тузишдан Коррупцияга қарши курашиш эмас, ташқи дунё учун коррупцияга қарши курашаётгандек қилиб кўрсатишдан бошқа мақсад бўлмаган. Агентликнинг вазифаси иллюзия яратиш ва у бу вазифани аъло даражада бажармоқда. Шунинг учун шахсан менда Агентликка нисбатан биттаям савол йўқ. Ўтган 7 йиллик амалиёт кўрсатмоқдаки, коррупцияга қарши курашишга амалда жиддий ирода ва хоҳиш йўқ ва бўлмаган ҳам, бўлмайди ҳам, ахир тизим ўзига қарши ўзи курашмайдику. Эволюция шу тарзда давом этса, навбатдаги босқичда коррупцияга қарши курашаётганларга ёки коррупцияга қарши эътироз билдираётганларга қарши кураш бошланади. Яъни ўзгаришларга эмас, янада тубга қулашга руҳан тайёр бўлиб туравериш керак.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin