Кредитга яшаётган ҳокимлар ҳақида
Худдики тепадан топшириқ берилгандек, ўзбек чиновниклари даромадлар декларациясини жорий қилиниши бир овоздан уларни "ташвишга солмаслиги, қўрқитмаслиги" ҳақида тўтиқушдек сайрашни бошлашди. Чиновниклар, уларнинг қариндошлари даромадлари, активларини, йирик харажатларини Декларациялаш тўғрисида ваҳоланки 3 йилдан бери жамоатчилик бонг урмоқда. Шу пайтгача минг этмай сукут сақлаб, оғизга толқон солиб юришувди.
Ё бор мол-мулкларини, активларини биринчи линиядан ташқаридаги қариндошларига ўтказиб, расмийлаштириб бўлишди ёки шунинг арафасида. Лекин ҳисоб-китоблари йўқлиги, айниқса улар воз кеча олмайдиган шоҳона ҳаёт тарзи уларни барибир сотиб қўяверади.
Масалан, ҳокимлардан бири айтаяпти:
"Тошкентда ҳам уйим бор. Аммо уни кредитга харид қилганман. Самарқанддаги хонадоним ҳам, автомашинамиз ҳам кредитга олинган".
Иккита эмас, биттагина 100 минг долларлик уй, Трейлблейзер эмас, майли 13 минг долларлик Ласеттини кредитга олиш ва ойма-ой сўндириб бориш учун камида 25 млн.сўм даромад бўлиши керак. Айтайлик, ҳокимнинг ойлик маоши 10 млн.сўм бўлса, қолган 15 млн қаердан? Уни ким ёпаяпти? Еб-ичиш-чи? Коммунал хизматлар, ҳар куни алмаштириладиган пойафзал, костюм, кўйлаклар-чи?
Шунингчун ҳурматли ҳокимлар, ёлғон гапиришдан аввал, ўқувчиларимиздан бири ёзганидек, яхшилаб ҳисоб-китоб қилиш ва энг муҳими айтилган ёлғон гапни эслаб юриш ҳам керак, чунки янги ёлғон эски ёлғонни ёлғон эканини очиб қўяди.
P.S. Амалдорлар даромадларини декларациялаш уч йилдан бери муҳокамада, лекин гапдан нарига ўтилгани йўқ. Бир нечта уй жой , машина, улушларга эга ҳоким ё вазир декларация топширмайди, лекин икки хонали квартирасининг битта хонасини ижарага берган пенсионер декларация топширишга мажбур. Шунақа давлатда яшашда давом этмоқдамиз.
@the_bankiroff