Супермаркетлар маҳаллабай ва хонадонбай усулида ишламаётгани ҳақида
Ҳар қандай бизнеснинг асосий мақсади фойдани максималлаштириш. Фойдани қандай максималлаштириш мумкин, биринчи навбатда харажатларни оптималлаштириш орқали.
Шунинг учун бизнес харажатларнинг ҳар бир занжирида харажатларни қисқартириш ҳаракатида бўлади.
Масалан, супермаркетлар юзлаб, минглаб товарларни сотади. Ўнлаб, юзлаб етказиб берувчилар билан ишлайди, кунига ўнминглаб харидорларга хизмат кўрсатади. Шунинг учун супермаркетлар ўз тармоқларини харидорлар осон тўпланадиган, мол етказиб берувчилардан энг қулай ва арзон йўл билан товар етказиб бериш мумкин манзилларда ташкил этади. Ўзи супермаркетлар тармоғини яратишга бўлган асосий туртки ҳам товарни истеъмолчига етказиш занжиридаги харажатларини энг минимумгача тушириш орқали фойдани оширишга бўлган тинимсиз ҳаракатлардир.
Супермаркетлар ўз тармоқларида туриб ишлаш ўрнига маҳаллабай ишлашни, хонадонма-хонадон юриб маҳсулотларни таклиф этишни бошласа нима бўлади? Умуман олганда, масалан, Кўксарой маҳалласидаги Аҳмад қарсакбоз билан нега бориб гаплашилмайди, Раҳмат ҳумкалланинг эҳтиёжлари ўрганилмайди, борилсин, ерга тушилсин, дейилса, қилса бўлади, мажбурланса, шундай қилиш ҳам мумкин Лекин унда товарларнинг истеъмолчига етиб бориши харажати каррасига ошади. Супермаркетларнинг фойдаси ўрнига, зарари максималлашади. Табиийки, Кўксарой маҳалласидаги Аҳмад қарсакбоз аввал супермаркетдан ўзи бориб олаётганда 100 минг сўмга тушаётган товар 200 минг сўмга туша бошлайди. Раҳмат ҳумкалла эса Супермаркет ходимлари маҳаллага келган пайти уйида бўлмайди, демак рўзғорига керакли товарларни олиш учун график бўйича режадаги кейинги ташрифни кутиши керак бўлади.
Кўраяпсизки, супермаркетларни маҳаллабай ишлаши, хонадонма-хонадон юриб товар сотиши мантиққа зид, иқтисодий маънога эга эмас, Ҳожибой Тожибоевнинг 300 йиллик қарғаси айтганидек - "невыгодно"!
Шунинг учун ҳеч ким, иқтисодий эмас, шунчаки ўқиш ва ёзишни билган одамки, супермаркетларни маҳаллабай, хонадонма-хонадон юриб иш ташкил қилишини таклиф этмайди. Бу муҳокама ҳам этилмайди. Семинар ва конференцияларда маҳаллабай, хонадонма-хонадон юришнинг аҳамияти ҳақида маърузалар ўқилмайди. ТВда бу ҳақида пропаганда қилинмайди. Чунки бу табиат қонунларига зид. Жамият қонунларига зид. Инсон феълига зид. Зеҳниятига зид.
P.S. common sense, здравый смысл, ўзбекчасига соғлом ақл тушунчалари бор. Вақти вақти билан соғлом ақлга мурожаат этиб туриш керак
@the_bankiroff