Ўсимлик ёғига ҚҚС бекор бўлиши ёғ нархини пасайтиради, деб ким айтган эди?
Рақобатли бўлмаган, вертикал ва горизонтал олигопол бозорларда, таклиф ошмаётган ва спекуляция шароитларида ҚҚСнинг пасайтирилиши сотувчи ва воситачиларнинг маржиналлигини, яъни даромадини оширишга хизмат қилади холос. Ҳа, қисқа муддат нархлар ўсишдан тўхтаб туради (ўша 15%лик фарқ утилизация бўлгунча).
Молия вазир ўринбосари 2019 йилда ҚҚСнинг пасайтирилиши нархлар тушишига олиб келмаганини қайд этгани эсингиздадир?
"Ўзбекистонда бундан бир ярим йил аввал солиқ ставкаси 20% дан 15% гача пасайтирилган эди. Истеъмолчилардан кимдир нархларнинг 5%га ҳақиқатда тушганлигини сездими? Товарлар ва хизматларнинг аксарияти бўйича нархлар тушмаган".
Хўш унда ўсимлик ёғига ҚҚС бекор бўлиши ёғ нархини пасайтиради, деб ким айтган эди? Бундан бехабарман. Лекин халққа ёқадиган, популистик ташаббус бўлган.
Энди, ёғни маҳалла орқали тарқатиш ҳақида гаплар пайдо бўлаяпти. Бу ҳам навбатдаги ёқимли, популистик қадам бўлади.
Ёғни маҳалла орқали тарқатиш билан унинг таклифи ошиб, кўпайиб қолмайди. Тақсимлаб тарқатишнинг маъмурчилик қимматга тушиши (буниям кимдир бўйнига олиши керак), янги ва янги ўзлаштиришлар ва норозилик ҳолатлар пайдо бўлишини кутиш қолади холос.