13K66Telegramda ochish
Ўсимлик ёғи нархи ўсишини тўхтатиб бўлмайди, лекин уни секинлаштириш мумкин Ўзбекистонда аҳолининг асосий истеъмол маҳсулоти — ўсимлик ёғлари нархи кескин ошиб кетиши ҳамон кун тартибидаги масала бўлиб қолмоқда. Бу вазиятда нима қилиш лозим? Биринчидан, рўйхатга киритилган импорт ўсимлик ёғини давлат харидлари сифатида сотиб олишга бўлган тақиқни бекор қилиш керак. Чунки бу хоҳлаймизми, йўқми, маҳаллий ишлаб чиқарувчи маҳсулотига талабни оширмоқда, маҳаллий ишлаб чиқарувчи хомашё базаси етарли бўлган тақдирда ҳам 300 минг тонна ёғ ишлаб чиқара олади. Хомашё кам, чигит қимматламоқда – шундай вазиятда бу тақиқ (ўсимлик ёғини давлат харидлари сифатида сотиб олишга нисбатан) ортиқча. Қолаверса, ўсимлик ёғи худди товарлардаги ёқилғи мойлаш материаллари характеристикасига эга, деярли барча озиқ-овқат маҳсулотлари нархида унинг вазни ва улуши мавжуд. Ўсимлик ёғи нархларининг юқори суръатларда ошиши бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, умумий овқатланиш хизматлари нархининг ҳам ошишига туртки бўлади. Инфляцияни бир хонали рақам доирасида жиловлаш бўйича қатъий вазифа қўйилган бу йилда масала жуда аҳамиятли. Иккинчидан, одам йилига ўртача 10-15 литр ўсимлик ёғи истеъмол қилади. Aҳолининг ўсимлик ёғига бўлган талабини ҳисобга олиб, Ўзбекистонда қандай захира шакллантирилган? Бугун бу долзарб савол. Ўзбекистонда ўсимлик ёғи давлат захиралари мавжудми, агар мавжуд бўлса, нега ишлатилмаяпти, деган саволга аниқ жавоб керак. Бозорга захиралардан қўшимча таклиф дастаклари қўшилиши унинг иштирокчиларига ижобий маънода психологик таъсир кўрсатади. Спекулятив ажиотаж пасаяди. Учинчидан, ўсимлик ёғи юқори нархлари яна камида инерция билан бир мавсум юқори туради. Демак, кунгабоқар, соя экиш майдонларини кенгайтириш керак. Ҳозирнинг ўзида. Соя уч ойда етилади, ундан тезда ҳосил олиш мумкин. Бундан ташқари, уни пахта орасига эмас, ўзини алоҳида майдонга экиш лозим. Тўртинчидан ва энг асосийси, ўсимлик ёғи нархларини маъмурий йўл билан чеклашдан тийилиш керак. Ишлаб чиқарувчиларга ҳам, воситачи, улгуржи сотувчиларга ҳам, импортчиларга ҳам, чакана сотувчиларга ҳам нархни чеклаш борасида вазифалар қўйилиши, босим уюштирилиши фақат тескари самара беради, нарх ўсишини янада тезлаштиради.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin