18K87Telegramda ochish
Шакар танқислиги бўлмайди, лекин нарх ошишини тўхтатиш анча қийин бўлади Иқтисодий тараққиёт вазирлиги шакар нархи ўсиши сабабларига тўхталиб, асосий омиллар сифатида логистикадаги мураккабликлар ва ёқилғи нархларининг ўсишини кўрсатган. Шунингдек, асосий ишлаб чиқарувчи мамлакатларнинг экспорт билан боғлиқ чекловлари ҳам ўзининг салбий ўрнига эга бўлмоқда. Вазирлик шакар ишлаб чиқариш ҳам, шакар таклифи ҳам доимий оширилиб боришига ишонтирмоқда. Лекин назаримда шакар ишлаб чиқариш ва бозорга таклифнинг кўпайиши нархлар ўсишини бирдан тўхтатиб қололмайди. Бунга биринчи сабаб, қўшни, асосий савдо ҳамкорларидан кўчиб келаётган инфляция бўлса, иккинчи сабаб юқори инфляцион кутилмалар. Айнан юқори инфляцияон кутилмалар аҳолида ҳам, бизнесда ҳам истеъмолдан ортиқ шакар жамғаришга ундайверади. Содда тилда айтганда, нормал вазиятда ойига 5 кило шакар ишлатадиган уй хўжалиги, нархлар ошиб бораётган шароитда ҳар эҳтимолга қарши яна қўшимча 5 кило шакар сотиб олишга ҳаракат қилади. Бунинг устига Ўзбекистонда жамғарилган шакар барибир ишлатиладиган мураббо мавсуми - июнь-август ойларига етиб келинди. Шунинг учун, хулоса қилиш мумкинки, шакар ҳаммага етади, дефицит бўлмайди, лекин нарх ошишини тўхтатиш жуда қийин. Маъмурий йўл билан бунга уриниб кўрилса, тескари натижа, яъни сунъий дефицитлар ҳам пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳозир, айни кунларда нарх билан боғлиқ чекловларга, улар қанчалик жозибалик бўлмасин, қўл уриш керак эмас.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin