Ошди, қимматлашди, кўтарилди
Марказий банкнинг март ойи якуни бўйича инфляция динамикаси шарҳида энг кўп ишлатилган сўзлар юқоридагилар бўлди.
Регулятор муайян товарлар нархлари ошишининг бошқа гуруҳларда ҳам нархлар ошишига таъсир ўтказаётганига эътибор қаратган.
Қаранг, ҳаммаси ўзаро боғлиқ:
Шакар ва ун нархининг ошиши ушбу маҳсулотлардан ишлаб чиқариладиган қандолат маҳсулотлари, салқин ичимликлар нархлари ўсишига сабаб бўлган.
Кунгабоқар ёғи нархидаги ўзгаришлар натижасида маҳаллий ишлаб чиқариладиган пахта ёғи нархи ҳам кўтарилган.
Озуқа нархлари қимматлиги сут маҳсулотлари нархи ўсишидаги муҳим омиллардан бири бўлиб қолмоқда.
Украинадан фармацевтика маҳсулотлари етказиб берилишидаги узилишлар фонида дори воситалари нархи қимматлашди.
Қурилиш мавсуми бошланаётганилиги сабабли цементга бўлган талабнинг кўпайиши, шунингдек, айрим корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари тўлиқ ҳажмда ишламаслиги ҳолатлари кузатилиб, бу ички бозорларда цемент нархининг қимматлашишига сабаб бўлди.
Ёқилғи нархларининг қимматлашиши натижасида йўловчи ташиш ва етказиб бериш хизматлари нархи ошди. Шунингдек, ижара ҳақи, ресторан/кафе хизматлари, маиший товар ва хизматлар нархларида ҳам ўсиш кузатилди.
Регулятор шунингдек, автомобиль бошқариш дарслари ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон хизматлари нархлари сезиларли даражада қимматлашганига ҳам эътибор қаратган.
Аввалроқ 2022 йилнинг асосий муаммоси доллар курси эмас, инфляция бўлиши ҳақида ёзган эдик.