Мамлакатга декоммунизация керак!
Миллат ва мамлакатнинг охирги оккупацияси бир аср аввал Россия империячилигининг давомчилари коммунистлар (большевиклар) томонидан амалга оширилган.
Ростини айтаман, гарчи ўроқ ва болғанинг свастикадан, қизил байроқнинг нацистлар байроғидан фарқсиз ҳисобласамда, яқин-яқингача бизга декоммунизация қонунлари керак эмас, деб ҳисоблардим. Чунки бизда ленинопадлар ва формал антисоветизация 90- йилларда ҳеч бир шовқинсиз амалга оширилган.
Масалан, украин биродарларимиз Қрим ва Донбасс оккупациясидан кейин суверенитет ҳақида қайғуриб, тил ва декоммунизация масалаларини кун тартибига олиб чиққанда, мен бу масала 20 йил аввал узил-кесил ҳал этилгани ҳақида кўп бора таъкидлаганман.
Чунки ростанам, масалан мамлакат майдонларида қизил байроқ кўтарган шахс 5 йил аввал қанақадир тарбиявий суҳбатларга чақириб ўтирилмасди, шунчаки чангга айланарди. Қизил байроқ? Қанақа қизил байроқ? У йўқ, бўлмаган? Ким кўтарипти? Бизда бундай одам йўқ. Тамом.
Тил масаласида ҳам шунга яқинроқ. Бизда украинлар ёки болтиқбўйи дўстларимиз каби тил ва миллий суверенитетни боғлаш комплекси бўлмаган. "Русский мир"? Қанақа "русский мир"? "Русский мир" ҳақида оғиз очган 20 минутдан кейин қаердан чиққан бўлса, камида ўша жойда бўларди. "Русский мир" мафкурачилари бизни нималарга қодир эканимизни, улардан ортиқ бешбаттар ҳаракатларга қодирлигимизни жуда яхши биларди.
Бугунги куннинг талаб ва ўлчовлари эса албатта ўзгача. Тақиқ ва чегаралар гибридлашган. Айни пайтда янги миллий элитанинг символлар ва қадриятлар борасида принциплари тўла тўкис шаклланмаган. "Каримов Среднестани" монолити янгиларнинг "Крайнестани" практикасига дош бермаяпти . Шунинг учун гранитларда ҳалигача ёзиб қайд этилмаган принципларни қонун даражасида ўзимиз учун белгилаб олишимиз керак. Токи янгилар ўзлари учун ўзларининг позицияларини аниқлаб олгунча кеч бўлмасидан.
Демак, шундай қилиб, Декоммунизация қоидаларида охирги жаҳон урушининг ташкилотчилари ва жавобгарлари Совет иттифоқи ва Гитлер Германияси ўртасида тенглик ишораси бўлиши лозим. Рамзлар ва жиноятларда. Барчасида.
- https://t.me/ziyouzcom/2333@ziyouzcom