Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бугун битта катта ва битта кичик ҳисоботни эълон қилди.
Катта ҳисобот 2020 йилда иқтисодий ривожланиш тенденциялари ва 2021 йилга мўлжалланган прогнозлар шарҳи билан боғлиқ. Айрим иқтибослар:
2020 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 32,7 фоизга (кафолатланмаган хорижий кредитларни инобатга олмаган ҳолда) камайиб, 2,9 млрд.долларни ташкил этди (доллар эквивалентида пасайиш 33,8 фоизни ташкил этди).
Макродиагностик таҳлилларга асосан иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашнинг олдинги йиллардаги асосий манбаларидан бири бўлган марказлашган ресурслар имкониятларининг чекланиб бориши хусусий, айниқса тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини кескин оширишни тақозо этмоқда. Хусусан, ўтган йилларда иқтисодий ўсишни молиялаштириш асосан марказлашган ресурслар ҳисобига бўлганлиги ўз аксини сўнгги йиллардаги ташқи қарз динамикаси кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг юқори технологияли ва инсон капиталига фаол йўналтирилмаслиги мамлакатда юқори даражадаги инклюзив ўсишга эришиш ва камбағаллик даражасини қисқартириш каби мақсадларга эришиш жараёнини секинлашишига олиб келиши мумкин.
Кичик ҳисобот эса 2021 йилнинг январь ойида мамлакатнинг асосий иқтисодий кўрсаткичларига таалуқли. Макроиқтисодий кўрсаткичлар иқтисодий тикланиш жуда оғир кетаётганлигини кўрсатмоқда. Хусусан, саноат маҳсулотлари ва истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда қисқариш давом этмоқда.