Кейинги йилда бўладиган ўзгаришларнинг Халқона бюджет орқали маълум қилинган энг асосий жиҳат, менимча, якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларининг жисмоний шахслар каби даромад солиғи тўлашга ўтказилишидир.
Ўзи моҳиятига кўра на юридик, на жисмоний шахс бўлган Хусусий тадбиркор - якка тартибдаги тадбиркор категорияси асосан собиқ Совет ўлкаларидагина, фақат солиқ тушумини йиғишни максималлаштиришни кўзлаб кенг ишлатилади (рағбатлантириш функцияси йўқ бунда).
Нормал дунёда қатор мураккаб иқтисодий жараёнлардан иборат бўлмаган фаолият турлари билан жисмоний шахслар жисмоний шахс сифатида шунчаки солиқ органларини хабардор қилиб қўйиб, бемалол шуғуллана олади ва солиқларни декларация тартибида тўлайди. Масалан, мен эртадан уйда Сартарошхона ёки кичик ошхона очмоқчиман, бу ҳақда солиқ органларини хабардор қиламан ва йил якуни бўйича декларация тўлдириш орқали солиқ тўлайман. Умид қиламизки, шу кунларга тезроқ етиб борамиз.