Сон-саноқсиз имтиёзлар бекор бўладими?
Бюджетни мувозанатлаш, жиловланиш ўрнига кенгайиб бораётган дефицитни камайтириш, қиммат ташқи қарзга қарамликни камайтириш учун самарасиз солиқ имтиёзлари ва преференцияларини бекор қилишдан бошқа йўл йўқ.
2024 йилда қандай имтиёзлардан воз кечилмоқда?
Биринчидан, ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсларнинг йиллик даромади 100 млн сўмдан ошганда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда солиққа тортиш йўлга қўйилади. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатини ўзаро солиштирган ҳолда, ўзини ўзи банд қилиш фаолияти турлари қайта кўриб чиқилади. Маълумот учун, даромад солиғи тўловчилар 2022 йилда 396 мингга ошган бўлса, 2023 йилнинг 9 ойида атига 70 мингга ошган.
Иккинчидан, қўшилган қиймат солиғи занжирининг яхлитлигини ва
узлуксизлигини таъминлаш учун дори воситалари, тиббий ва ветеринария хизматлари учун имтиёзлар; аҳолига сув таъминоти, шунингдек канализация, санитария тозалаш, иссиқлик таъминоти бўйича кўрсатиладиган хизматлар бўйича қўшилган қиймат солиғининг “ноль” даражали ставкасини қўллаш бекор қилинмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида хизмат кўрсатадиган хорижий жисмоний шахсларни қўшилган қиймат солиғига тортиш бошланади.
Учинчидан, электрон тижорат иштирокчилари учун фойда солиғи (7,5 фоиз) ва айланмадан олинадиган солиқ (2 фоиз) бўйича имтиёзли солиқ ставкаларидан воз кечилади. Бу савдо фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига тенг рақобат муҳитини шакллантириш йўлидаги тўғри қадам бўлади.
Бекор қилинаётган имтиёзлар кўпми? Камми? Албатта кам. Денгиздан томчи холос. Мавзуни яна давом эттирамиз.