Зарарли ва самарасиз имтиёзлардан йўқотишларни кимдир ҳисоб-китоб қилаяптими?
Имтиёзлар мавзусини давом эттирамиз. 2024 йилда бекор бўлаётган солиқ имтиёзлари ҳақидаги постга жавобан ўқувчилардан бири "нега айрим имтиёзлар зиёнлилигини била туриб берилган ва бекор қилинмаяпти" деб сўраб қолди. Ҳақли савол.
2022 йилдан бери конларимиз қўшқўллаб топширилган "хусусий" ва чўнтак компанияларга табиий газ бўйича солиқ ставкалари 3, нефть ва газ конденсати учун 2 баравар пасайтирилди. Янги (улар ўзи аслида эски қудуқлар) нефть ва газ қудуқларининг — улар фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб икки йил муддатга мол-мулк солиғидан озод бўлди. Янги нефть ва газ қудуқларига нисбатан солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддати тугагандан кейин уч йил давомида белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкаси белгиланди. Нима, шундан кейин нефть ва газ қазиб олиш кўпайиб қолдими? Қайтанга қисқариши янада тезлашиб кетдику. Мен ҳали газнинг таннархи потиратиб шишириб оширилаётанинии айтмаяпман, шунча имтиёз билан таннарх пасайиши керак-ку. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари қарийб 2 трлн.сўмга қисқариб кетган. Бу фақат бухгалтерия йўқотиши холос. Иқтисодий йўқотиш каррасига кўп.
Ёки бўлмасам, Президент ёки ҳукумат қарорлари бўйича имтиёз олганлар мол-мулк солиғи амалдаги ставкасини 1%и миқдорида ёки бўлмасам, 0,015% миқдорида тўлашмоқда. Қолганлар эса 1,5%. Шу инсофданми? Қани бу ерда адолатли ҳақиқат? Кимдир бу бўйича бюджетдаги йўқотишларни Давлат раҳбарига кўрсатганми?
Бундан ташқари хизмат кўрсатиш соҳасига берилган имтиёзлар ёппасига манипуляция қилинаётганидан тепада қарор қабул қилувчилар хабардорми? Шу имтиёздан бюджет қанча йўқотмоқда? Хўп, эвазига хизмат кўрсатиш соҳасида иқтисодий ўсиш қандай? Улар мутаносибми?
Чекка шимолий ҳудудлар ва қизил рангли туманларга популистик таклифлар ортидан қувиб имтиёзлар бериб ташланди. Қани натижа? Кимдир таҳлил қилдими ўша ҳудудларда иқтисодий ўсиш йўқотилган бюджет тушумларини қоплаяптими?
Нега имтиёзлар берилишидан аввал унинг самараси, зиёни ва тоза эффекти ҳисоб-китоб қилинмайди? Нега ҳар бир имтиёз натижаси бўйича йиллик, чораклик ҳеч қанақа ўрганишлар, таҳлиллар йўқ? Уларнинг зиёнини ҳамма билгани учунми? Ё имтиёзларни эмиб, миллиардларни сўраётганлар бунга йўл қўйишмайдими?