📚 Madina Musayeva 🎧 kanalidan
- БМТ нинг айтишича, дунёда ҳар 3 нафар хотин-қизлардан бири умри давомида жисмоний ёки жинсий зўравонликка учрайди, ва одатда, бу нарса уларнинг яқин кишиси томонидан амалга оширилади. Ҳар куни 137 нафар аёл ва қизлар шу тарзда ҳаётдан кўз юмади.
- Инсон савдоси қурбонларининг 71 фоизи аёллар ва қизлар, шуларнинг ҳар 4 нафаридан 3 таси жинсий эксплуатацияга дучор бўлади.
- Ҳар йили 15 миллион қиз 18 га тўлмай турмушга чиқади. Бу ҳар дақиқада 28 та қиз дегани.
Мен орзу қиламан — бир кун келиб 8-март байрами нархи осмонга учган гул, шоколад, совғалар ва “Ҳар доимгидек гўзал бўлиб қолинг” қабилидаги открытка учун эмас, ушбу куннинг асл моҳияти учун қадрланади. Шу куни минглаб одамлардан камида бир-иккитаси “бу аслида қандай байрам, Клара Цеткин ёки суфражистлар ким?” деган оддий нарсаларга қизиқиб кўради. Ким билади, билими озроқ ошса, одамлар -- гендер тенглигини лойга булғаш “мода”га айланган бир пайтда -- аёлларнинг овоз бериш ҳуқуқи, ишлаш ва ўқиш, мулкка эгалик, фарзандинг сен билан яшаши ва биз баъзан қадрига етмайдиган бошқа элементар эркинликлар учун қанчадан қанча қурбонликлар қилинганидан бохабар бўлишар.
Мен орзу қиламан — хотин-қизларга қасидалар бир йилда бир мартагина айтилмайди, уларнинг қонунда белгиланган тенг ҳуқуқли фуқаролар сифатидаги ўрни бошқа жинс вакиллари билан шундайин тенг бўлади-ки, бу ҳақида сохта мақтов, мукофот ва тақдимотларга ҳожат қолмайди.
Мен орзу қиламан — мен ва сизнинг фарзандларингиз ҳеч қачон аёлларнинг дўппосланаётган, памперсдаги ахлат зўрлаб едирилаётган, аёл устига керосин қуйиб олов қўйганда бошқалар қараб турган, никоҳ кечаси бокиралиги зўрлаб текширилаётган каби видеоларни кўрмайди, чунки аёл ва қизлар устидан бундан зўравонликлар бўлмайди.
Мен орзу қиламан — аёллар ва қизлар кийган кийими, юбкаси, рўмоли ёки эркин фикри учун маломат остида қолмайди. Улар кўчада тинч юра олади, уларга шилқимлик қилинмайди, гап отилмайди, “кўзини сузган ғунажин” деб аталмайди.
Мен орзу қиламан — ҳамма қизлар ўз истаги билан ўзи танлаган вақтида турмушга чиқади. Ораларидаги ўқишни ва касбни танлаб, 20 ёшдан кейин турмушга чиқишни истаганлари “қариқиз” деб аталмайди.
Мен орзу қиламан — ва балки, менинг орзуим Мартин Лютер Кингнинг машҳур I Have a Dream нутқи каби қандайдир маънода ушалмас орзу бўлиши мумкин, зеро прогресс асрлар давомида мисқоллаб йиғилади ва онлар ичида кўкка совурилади. Чин қалбимдан (бугун, эртага ва ҳар доим) аёл ва қизларнинг хуқуқлари, соғлиги ва билим олишлари учун курашаётган активистлар, журналистлар, муаллимлар, врачлар ва бошқалар, ҳамда умуман, яшаётган дунёимиз барча учун баробар даражада яхши жой бўлишига ҳисса қўшаётган аёл ва эркакларни кириб келаётган байрам билан қутлайман. Бу, аслида, сизнинг байрамингиз ва ишонинг, сизга йилнинг 365 кунида ташаккур изҳор этиш зарур.
👉 @madnifique 👈
- https://www.un.org/en/observances/ending-violence-against-women-dayun.org
- https://www.unwomen.org/en/what-we-do/ending-violence-against-women/facts-and-figuresunwomen.org
- https://amp.dw.com/ru/kto-pridumal-8-marta/a-3424699dw.com
- https://www.gazeta.ru/social/2019/03/07/12228769.shtmlgazeta.ru
- https://ru.wikipedia.org/wiki/%D0%A3_%D0%BC%D0%B5%D0%BD%D1%8F_%D0%B5%D1%81%D1%82%D1%8C_%D0%BC%D0%B5%D1%87%D1%82%D0%B0wikipedia.org