Яна 85%лик олдиндан тўлов ҳақида
Амалдаги белгиланган тартиб-қоидаларга кўра, 15%лик олдиндан тўлов асосида шартномавий муносабатларга киришиш белгиланган. Бошқача айтганда 15%лик олдиндан тўлов шарти мажбурият, ундан ортиқ тўлов шарти эса томонларнинг эркин келишуви асосида юз бериши мумкин.
Яъни, товар ёки хизмат олиш учун шартнома кучга кирган деб ҳисобланилиши учун 15% олдиндан тўлов кифоя қилади. Бу қоидаларга Ўзбекистон ҳудудида деярли барча товар ва хизматлар етказиб берувчилар, агар уларнинг товар ёки хизматлари маълум муддат ўтгандан кейин етказиб бериладиган бўлса, амал қиладилар.
Амалиётда ягона истисно бу Ўзавтомоторс АЖ билан боғлиқ.
Фақат Ўзавтомоторс АЖ маҳсулотларини сотиб олишда харидорлар 15% эмас, 85%лик олдиндан тўлов ўтказишга мажбурдирлар. 85%дан бир сўм кам тўлов эвазига шартнома тузишга улар асло йўл қўйишмайди. Мен Ўзбекистон ҳудудида харидорларга ўз талабларини диктовка қиладиган бошқа биронта бундай ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчини билмайман.
Яъни амалда харидорлар Ўзавтомоторс АЖнинг автомашина ишлаб чиқариш учун керак бўладиган бутун фаолиятини олдиндан, яна 6 ойгача текинга молиялаштирадилар. Ўзавтомоторс АЖ ўз маблағлари ҳисобига эмас, сиздан олдиндан қабул қилиб олинган тўловлар эвазига бемалол эҳтиёт қисмлар, хом-ашё, ресурслар сотиб олиши, ортган маблағларни тижорат банкларида депозитларда сақлаб миллиардлаб қўшимча даромадлар олиши мумкин. Қайтараман, ҳаммаси сизнинг, олдиндан тўланган маблағларингиз ҳисобига. Сиз эса машинангиз чиқишини интизор бўлиб кутишда давом этасиз.
Сайланган депутат Кушербаев бундан роппа-роса тўрт ой муқаддам Ўзавтомоторс АЖ дилерларидан автомашина сотиб олишда 85%лик олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги қонунчилигимизга мувофиқлиги масаласига баҳо беришни сўраб Монополияга қарши кураш қўмитасига мурожаат қилган экан.
Балки ўтказиб юборгандирман, лекин қўмита бу масалага жавоб бергани ёки муносабат билдирганини кўрмадим.
@the_bankiroff
- https://lex.uz/docs/181809lex.uz
- https://t.me/the_bankiroff/2187@the_bankiroff
- https://t.me/deputat_kusherbayev/1141@deputat_kusherbayev