Улуш киритишда эҳтиёт бўлинг!
Кейинги пайтда турли девелоперлар ва қурувчилар томонидан ҳали бунёд этилмаган ва ҳатто лойиҳаси тасдиқланмаган турли ситилар ва мажмуалардан уй-жой сотиб олишга чақириқлар ва рекламалар ҳаддан зиёд кўпайди.
Кўпинча ҳали пудратчиси йўқ, ҳатто дастлабки тупроқ ва ер ишлари бошланмаган, лекин ҳашамдор сотув офиси очиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг маблағларини жалб қилиш бошлаб юборилган. Уларга ишонса бўладими?
Айтиш керакки, уй-жой қурилишига улушдорларни жалб қилиш ва маблағларни ўзлаштириб кетиш муаммоси учинчи дунё ва собиқ совет мамлакатларида ҳаддан зиёд кўп тарқалган.
Халқимиз ўта ишонувчан ва кўпчилик улушдор бўлиб ҳали қурилмаган уй-жойларни сотиб олишда, ахир давлат турибдику, ер ажратган бўлса, давлат текширгандир, эртага нимадир бўлса жавоб беришади, деб ўйлайди. Афсуски, бундай эмас, улушдорларнинг ҳам ўз масъулиятлари бор. Бошқача айтганда, Яратган ҳам асранганни асрайди.
Агар улушдорлар бўлажак лойиҳалардан уй-жой сотиб олишда Аҳмадбой пирамидаларида ёки автомашина сотиб олиш ваъда этувчи схемаларда бўлгани каби алданиб қолишни исташмаса, улуш киритиш тўғрисидаги шартномани имзолашдан аввал Қурувчи ва лойиҳанинг Электрон Рўйхатда мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текширишлари лозим бўлади.
Қурувчи ва лойиҳа Электрон Рўйхатда мавжуд ёки мавжуд эмаслигини агар рақамли имзоингиз бўлса, rd.mc.uz манзили орқали билиб олишингиз мумкин. Агар рақамли имзоингиз бўлмаса, қурувчи ёки девелопердан ушбу манзил бўйича кириб лойиҳа Электрон Рўйхатда ҳақиқатдан мавжудлигини кўрсатишни талаб қилинг. Унгача шартнома ҳам тузманг, пул ҳам тўламанг. Дунёни ваъда қилса ҳам, ортида кимлар борлигини айтишса ҳам.
Агар Электрон Рўйхатда мавжуд бўлмаса, билингки, рўпарангизда сизни алдаб кетишга тайёр муттаҳам турипти ёки у камида масъулиятсиз ва тўловга қобилиятсиз қурувчи.
Дарвоқе, улушдор сифатида киритилган маблағларингизни қурувчи ўзининг бошқа мақсадларига, масалан, дивиденд олишга ёки ўзга лойиҳага тикишга ҳақли эмас. Маблағларингиз махсус ҳисобвараққа кирим қилиниши ва бу маблағлар фақат сиз сотиб олаётган уй-жой лойиҳаси бўйича ишлатилиши зарур.
Кўп квартирали уйларда улуш киритиш асосида қурилиш жараёнининг ҳуқуқий асослари мана бу Қарорда акс этган.
@the_bankiroff
- https://rd.mc.uzmc.uz
- https://lex.uz/docs/4831129lex.uz