Маҳалла жамғармасига бир кунлик иш ҳақи ўтказилиши ҳақида
Хушнудбек Меҳнат кодексининг 164-моддасига кўра, токи ходим ўзи рози бўлмас экан, Ҳашар муносабати билан иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин эмаслиги ҳақида ёзаяпти. Ҳаммаси тўғри.
Лекин барча зараркунанда ва қонунга зид ишлар гибрид тарзда амалга оширила бошлаган янги даврда бунинг ҳам йўлини осонгина топишади. Ходимларга керак бўлса шаблон тарзда ўша ариза ҳам ёздириб олинади. Пахтага ўз ихтиёрим билан чиқаяпман, деб ариза ёздириб олдирганлар иш ҳақидан Маҳалла жамғармасига пул ўтказишга ариза ёздира олмайдими? Чунки профсоюз ўлдирилган ва чўнтакка айлантирилган Ўзбекистонда иш берувчининг ходимларга босимини тиядиган ҳеч бир восита йўқ.
Иш берувчиларниям тушунаман. Ҳар йили икки марта (Наврўз ва мустақиллик арафасида) Ҳашар ўтказиш ва 1 кунлик иш ҳақини Маҳалла жамғармасига ўтказиш тўғрисида ҳукуматнинг махсус фармойиши чиқарилади. Мана шу фармойиш Қонунга, яъни Меҳнат Кодексига зид эканига алоҳида урғу берилиши керак.
Фармойиш асосида хўжалик субъектлари ходимларининг 1 кунлик иш ҳақини ўтказиб берилишини таъминлаш учун турли таъсир ва босим воситалари мавжуд. Солиқ, ҳокимият органлари орқали. Ўтказиб бермагунгача қўйишмайди.
Бошқача айтганда, урғуни 1 кунлик иш ҳақингизни "Маҳалла" хайрия фондига ўтказиш бўйича ходим розилиги бўлишига эмас, Фармойишнинг ноқонуний ва нолегитим эканига қаратиш лозим.
Дарвоқе, Маҳалла жамғармасига ҳар йили триллионлаб сўм ва юз миллионлаб доллар маблағ келиб тушади ва триллионлаб сўм ва юз миллионлаб доллар қаерларгадир чиқиб кетади.
Лекин Ўзбекистон фуқаролари ушбу ёпиқ бассейнга айланган фондга келаётган ва кетаётган маблағлар ҳақида, фонднинг молиявий натижалари борасида ҳеч нима билмайдилар.
@the_bankiroff
- https://t.me/xushnudbek/8792@xushnudbek