"Маҳалла", Ҳашар ва Шанбалик
Агар расмий статистикамиз тўғри бўлса, ўзбекистонликларнинг бир кунлик иш ҳақиси ўртача 500 млрд.сўм бўлади. Шунча миқдордаги маблағ, эҳтимолки, умумхалқ ҳашари муносабати билан “Маҳалла” хайрия жамоат фондига ўтказиб берилади. Гарчи Хушнудбек бу фақат сизнинг розилигингиз билан амалга оширилишини эслатаётган бўлса-да, одатда иш берувчи кўпинча ходимлардан сўраб ўтирмайди, чунки акс ҳолда иш берувчиларга ҳам етарлича муаммолар туғилиши мумкин.
Қоида тариқасида йилига икки марта (Мустақиллик ва Наврўз арафасида, бу йил Наврўздан олдин ёғин кўп бўлгани туфайли, баҳорги ҳашар сал кечроқ эълон қилинди) умумхалқ ҳашари эълон қилинади.
Эълон қилинган умумхалқ ҳашари кунлари бир кунлик иш ҳақи юбориладиган Ўзбекистондаги энг йирик, айни пайтда энг ёпиқ жамғарма бўлган "Маҳалла" хайрия фонди бирон марта келаётган ва кетаётган маблағлар ҳақида, фонднинг молиявий натижалари борасида маълумотларни очиқламаган. Мазкур фондга ҳар йили триллионлаб сўм ва юз миллионлаб доллар маблағ келиб тушади ва триллионлаб сўм ва юз миллионлаб доллар қаерларгадир чиқиб кетади.
Энди, ҳашар ва шанбалик ҳақида икки оғиз. Аниқроғи уларнинг фарқи ҳақида.
Ўзбекларнинг қадимий ҳашари билан ленинча шанбаликни фарқлаш керак.
Ҳар йили икки марта эълон қилинадиган умумхалқ ҳашари аслида коммунистлардан қолган шанбалик ҳисобланади. Мерос. Мажбурлаш, кўзбўямачилик, Ёлғон, десам хафа бўлишмасин, ҳарқалай ихтиёрий эмас.
Коммунистча шанбаликдан фарқли ўлароқ ўзбекларнинг ҳашарида ҳашарчилар жон куйдириб, асосийси ихтиёри билан ишлайди. Ҳашар эгаси тушликда ҳашарчиларнинг қорнини тўйғазади, кечқурунга эса ош беради. Энг асосийси, ҳашарга келганлар бир кунлик иш ҳақисини ҳашар эгасига товон сифатида тўламайди. Ҳашарчилар биладики, келаси сафар у ҳашар қилса, ҳамма келади. Ҳашар бўйиндаги қарз ҳисобланади. Яна тармоқда ёзишганидек, ҳашарда ташаббус пастдан чиқади, шанбаликда эса тепадан.
Айтгандай, гарчи бу сафар 1 кунлик умумхалқ ҳашари эълон қилингани билан тармоқларда айрим ҳудудларда ҳашарга сафарбарлик бугун ҳам давом эттирилаётгани айтилмоқда.
@the_bakiroo