Расмий инфляция ҳаммамизни ҳайратлантириб бир хонали рақамга яқинлашмоқда
Март ойи якунланишига бир неча соат қолганида расмий инфляция бўйича кўрсаткичлар эълон қилинди.
Унга кўра март ойи инфляцияси 0,8%ни, йиллик инфляция эса 10,9%ни ташкил этган.
Айни вақтда мамлакатда кўпчиликни ташкил этувчи камбағаллар ва ўрта синф учун аҳамиятли бўлган озиқ-овқат инфляцияси нисбатан юқорилигича қолган, хусусан март ойида 1,2%, йиллик эса 13,9%дан иборат бўлган.
Лекин эътиборлиси, 2020 йил март ойида нархлари шиддат билан ўсган кунгабоқар ёғи расмий статистика бўйича атига 1,4%га қимматлаган холос. Масалан, февраль ойида литрини 16 минг сўмдан олганим ўсимлик мойини март ойида 22 минг сўмдан харид қилдим. Кузатувларим бўйича кенг халқ истеъмолидаги пахта ёғи нархларини ўсиши ҳам икки хонали рақамлардан иборат бўлди. Расмий статистика эса пахта ёғи ўсишини 0,6% даражасида қайд этган холос.
Нархлари кескин ўсган тамаки ва спиртли ичимлик маҳсулотлари бўйича статистика ҳам истеъмолчиларни таажубга солмаслиги мумкин эмас.
Албатта, бу йилги инфляция бир хонали рақамга тушиши учун барча белгилар мавжуд, айниқса апрель ва май ойларида. Чунки ўтган йилнинг шу даврида истеъмол нархлари базаси юқори бўлган.
Айни дамда, биз яшаётган замон ва маконда ўзбекистонликлар учун ўта аҳамиятли бўлган озиқ-овқат инфляцияси бўйича эълон қилинаётган рақамлар расмий статистикага нисбатан саволларни кўпайтирса кўпайтирмоқдаки, асло камайтираётгани йўқ.