11K67Telegramda ochish
Мажбурий ижро бюросининг ундирув жараёнида қарздорларнинг банк ҳисобварақлари, омонатлари, хусусан пластик карталари блокланаётгани кейинги кунларда жуда кўп муҳокама этилмоқда. Айрим истеъмолчилар чора сифатида маош тушиши билан пластик картадаги маблағларни тўлиқ нақд ечиб олишни ёки банкларга умуман омонат қўймасликни тавсия этишмоқда. Тавсиямиз: асло бундай қила кўрманг, бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйманг. Энг аввало Мажбурий ижро бюроси, унинг иш йўриғи, ахборот базаси, ҳаракат мантиғи мукаммал эмас экан, сиз мукаммал бўлинг, ёки шунга ҳаракат қилинг. Вақтингиз ҳам, маблағингиз ҳам тежалади. Тавсияларимиз: Коммунал ва мажбурий тўловларни муддатида ёки олдиндан тўлаб бориш кўникмасини яратинг. Барча коммунал хизматлар монополист ва уларнинг тарифлари инфляциядан юқори бўлган суръатда ўсиб бормоқда, афсуски, токи тепада ислоҳот дейилганда фақат тарифларни ошириш тушунилар экан, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Алқисса, олдиндан тўланг ва сизни ютмоқчи бўлганларни мағлуб этинг. Ягона интерактив хизматлар порталида (my.gov.uz) аккаунт очинг, имкон бўлса электрон рақамли имзо орқали, имкон бўлмаса, шундоқ очсангиз ҳам бўлади. Порталдаги аккаунтингизга коммунал хизматлар бўйича реквизитларни киритиб қўйинг. Бу билан реал режимда ҳақдорлигингиз қолдиқларини кузатиб бориш ёки ҳатто чет элда бўлсангиз ҳам зарур ҳолларда тўловларни амалга ошириш имконига эга бўласиз. Мажбурий ижро бюросига ўзингизни туя эмаслигингизни қоғоз ва справкалар орқали исботлашга имкон қолдирмаслик учун технологик бўлишга ҳаракат қилинг (тушунаман, аслида Мажбурий ижро бюроси технологик бўлиши лозим). Унутманг, коммунал тўловлар, солиқлар ва мажбурий йиғимларни вақтида тўлаб, ҳаққингизни ҳар доим, ҳар жойда талаб қилинг. Тилингиз асло қисқа бўлмасин. @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin