24K132Telegramda ochish
Ёмон қарздорлар ҳимоя қилиниши керакми? Ўзи бусиз ҳам ҳақдорнинг ҳақларини ундириш ҳаддан зиёд қийинлаштирилган, қарзни қайтариб олиш ва гаровнинг реализацияси жараёнида қарздор, айниқса, ёмон қарздорларга ақлга сиғмайдиган тешиклар қолдирилган Ўзбекистонда Марказий банкнинг мана бу хатидан кейин кредитларни қайтармасликни касб қилиб олганлар тоифаси учун Янги йил байрами бугунданоқ бошланган бўлса ажаб эмас. Бу хатдан олдин банклар билан тобора чуқурлашиб бораётган муаммолар ҳақида гаплашилдимикан ё хатдаги матнни ёмон қарздорларнинг ўзи (уларнинг ичида Ўзбекистонда энг ёмон қарздорлар ҳисобланадиган ўзбек чиновниклари ҳам бўлиши мумкин) диктовка  қилиб териб бердимикан? Чунки регулятор банклар кредит ва кафиллик шартномаларида "мижознинг розилигисиз ва уни огоҳлантирмаган ҳолда унинг картасидан кредит ва бошқа қарз тўловлари учун маблағларни акцептсиз ечиб олиш шартлари"ни назарда тутишини билмаслиги мумкин эмас. Суғурта ташкилоти тижорат банкига ёмон қарздорнинг кредит қарздорлигини тўлиқ қоплаб бергандан кейин қарз олувчининг банк карталаридан маблағларни акцептсиз тарзда ечиб олаётган бўлса, бу ерда банкларнинг айби нима? Ва ўзи суғурта ташкилотлари ёмон қарздорга нисбатан ўзларининг регресс ҳуқуқларини ишга солмасликлари керакми? Ўзи бу масалада Марказий банкка шикоят қилган мурожаатчилар кимлар? Мабодо улар банклардан олган кредит ва қарзларини одатда ўз вақтида тўламайдиган вазирлик ва ҳокимиятларда ишлайдиган амалдорлар эмасми? Эмишки, бу "фуқаролар томонидан банк карталаридан фойдаланмасликка ёки карта ҳисобварағида пул маблағларини сақламасликка олиб келмоқда" экан. Кўринадики, худди ёмон замонлардагидек, асл сабаблар бир ёқда қолиб, ҳеч бир аппеляциясиз бутунлай бошқа оқибатлар байроқ қилиб кўрсатишга ўтилмоқда. Қани аниқ рақамлар беринг, карталардаги пул маблағлари қолдиғи динамикаси қандай ва бунда автотўловларнинг бевосита таъсири қайси метод билан ўлчанган? Бирёқлама бундай ёндашувда оқибатлар ҳақида гап кетар экан, ёмон қарздорларга адвокатлик қилиш энг аввало яхши қарздорлар зиёнига ишлашини, хусусан бўлажак қарздорлар учун кредит маҳсулотларини янада қимматлашиши борасида нега сўз очилмайди? Ёмон қарздорлар манфаати учун ишлайдиган қоидаларнинг илгари сурилиши биринчи марта юз бераётгани йўқ. Бир неча ой муқаддам энг ашаддий, энг шаллақи, энг фирибгар қарздорлар тоифаси учун зўр қуролга айланган Тавсиялар ишлаб чиқилган эди.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin