23K83Telegramda ochish
Истеъмолчилар "емаган сомсасига пул" тўламасликлари керак Марказий банк истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларда қонунчилик талабларини бажармаган бир неча банкларга жарима санкцияларини қўллаган. Кредит операциялари бўйича асоссиз равишда ундирилган бир неча миллиард сўмлик комиссия ва фоизлар мижозларга қайтарилган, пенялар бекор қилинган. Бу яхши. Кейинги пайтларда тижорат банклари ўзларининг музокара устунлигини суистеъмол қилиб, мижозларининг "емаган сомсасига пул тўлашга" мажбур қилаётган операцияларнинг яна бири кредит карталари бўлиб қолмоқда. Оферта шартларига кўра, банк кредит картасидан нақд пул ечганлик учун алоҳида юқори фоизлар ва юқори комиссиялар белгиланган (бундай операциялар учун имтиёзли фоизсиз давр мавжуд эмас). Кредит картаси шаффоф тўлов ва истеъмолни рағбатлантирувчи банк маҳсулоти, яъни бу нормал практика. Лекин муаммо шундаки, кейинги пайтда банкларда кредит картаси орқали амалга оширилган тўловлар (масалан, коммунал хизматлар, ўқиш, тиббиёт хизматлари, суғурта ва солиқ каби) ҳам нақд пулга ечишга тенглаштирилиб, юқори фоиз ва юқори комиссиялар ундирилмоқда. Эмишки, тизим айрим терминаллар орқали тўловларни нақд пул харажати сифатида кўрмоқда. Бошқача айтганда, мижозлар ўзлари жавобгар балогардон қилиб қўйилган. Энди тасаввур қилинг, қайси мижоз терминал қайси тоифага тегишли эканини текшира олади? У бунга нега мажбур бўлиши керак? Нима учун ўзини туя эмаслигини исботлаши керак. Биронта банкда терминалларнинг тўлов учун ёки нақд пул ечиш учун экани ҳақида огоҳлантириш ёки ахборот мавжуд эмас. Биронта банк ҳалигача терминалларини тўлов учун ва нақд пул учун алоҳидалаштирмаган. Шунинг учун истеъмолчиларда иккита йўл қолади: ё аждарҳо комиссиялар ва фоизларни тўламаслик учун кредит карталаридан фойдаланишдан воз кечиш, банклар билан судлашиш ёки Регулятор назорати ва/ёки Рақобат қўмитаси ёрдами билан муаммони тизимли ва адолатли ҳал қилиш. Назаримда иккинчи йўл самаралироқ кўринади. Чунки банклар ўз хоҳиши билан муаммони ҳал қилиш йўлини тутишаётгани йўқ.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin