13K41Telegramda ochish
Мамлакатга очиқ бозор керак! Янги тарихда биринчи марта ўзбек бизнеси тўғридан-тўғри давлат раҳбарига савол бериши мумкин. Бу бўйича саволлар ҳозирча жамланишда давом этмоқда. Маълум бўлишича, кечаги кун ҳолатига келиб тушган 5 мингдан ортиқ саволларнинг 40%дан ортиғи кредитлаш, 20%га яқини ер муносабатлари билан боғлиқ. Эсингизда бўлса, бир ҳафта аввал бу ҳақда маълум қилганимизда, бу уникал имконият давлат раҳбаридан имтиёзлар ундириш, преференциялар олиш каби тор манфаатлар сўрови учун ишлатилмаслиги кераклиги ҳақида ёзган эдик. Албатта, ўзбек тадбиркори, у каттами ё кичикми, Ходорковский эмас, аввало ўзи ҳақида, ўзининг тор қайғуси ҳақида йиғлайди ва имкон бўлса нимадир ундириб олиш ҳаракатида бўлади. Умуман олганда, бугунги етиб келган жойимизда бизнес кенг платформадаги муаммолар ҳақида баҳсга киришиши жуда қийин ҳам. Ҳозир жуда кўп пиарчилар давлат раҳбарига мурожаатлар орасида кредит билан боғлиқ саволлар кўплигига эътибор қаратишмоқда, бундан ўзгача маънолар тўқишмоқда. Ҳа, ҳақиқатан ҳам шундай. Чунки Ўзбекистонда кредит бозори йўқ. Бозор йўқ жойда исталган одам маъмуриятга рўпара келганида илтимос билан арзонроқ кредитга эга чиққиси келади. Биз ўзимиз кейинги беш йилликда кредит бозорини яратамиз деб, амалда аксини қилмадикми? Вазиятни янада чигаллаштириб, арзон ва имтиёзли кредит олмаган, компенсацияга эга чиқмаган бизнес эгасини лох даражасига тушириб қўймадикми? Ер билан муносабатларда ҳам шундай. Ерни бозор нархида, аукциондан олган лох, орқа схемалар билан текинга эгаллаган омадли тадбиркорга айланмадими? Эътибор беринг, давлат раҳбарига саволларда нақд пул муаммосини ҳал қилиб беринг, пулимни конвертация қилиб беринг, каби муаммолар йўқ. Чунки бу муаммолар бозор воситалари билан аллақачон ечилган. Бозор ишлаяпти. Демак саволлар рўйхатидан чиқарадиган хулосамиз битта бўлиши керак: Мамлакатга очиқ кредит бозори керак. Мамлакатга шаффоф ер бозори керак. Умуман олганда, мамлакатга бозор керак. Тадбиркорларнинг саволларидан мен шуни уқдим. @the_bakiroo

Arxivda shunga yaqin