Грузияга Қозоғистон орқали бориб келиш деярли 2 баробар арзон
Афсуски, Грузияга саёҳат ўзбекистонликлар учун жуда қиммат танлов. Нафақат Грузияга, умуман дунёнинг исталган нуқтасига ўзбекистонликларнинг етиб бориши ва ватанга қайтиб келиши доим каррасига қимматга тушади. Эски Ўзбекистонда ҳам шундай эди. Янги Ўзбекистон лақаблисида ҳам шу.
Ҳаво транспортида ислоҳот қилдик, "очиқ осмон" деб қанча қичқиришмасин, бу битта монополистнинг учтага бўлишдан нарига ўтмайдиган муолажа бўлди холос. Шахсан мен ҳозиргилар ўзбекистонликлар учун ҳаво транспортини имконли қилишларига заррача ишонмайман. Улар ўз олдиларига бундай вазифа қўймаганлар ҳам.
Келинг, тасаввур қилайлик, оддий ўзбекистонлик йиғиб териб, яна 2 ойдан кейин Грузияда 2 ҳафта дам олиб келмоқчи ва энг арзон вариантларни қидираяпти дейлик. Бунинг учун масалан, пешонамизнинг шўри бўлган Ўзбекистон ҳаво йўлларининг Тошкент-Тбилиси-Тошкент авиарейсининг (24.09.2021-08.10.2021) энг арзон билетидан фойдаланиши мумкин. Бу унга 3 913 520 сўмга тушади.
Агар шу ўзбекистонлик, айтайлик, Чимкентга бориб Чимкент-Кутаиси-Чимкент (26.09.2021-10.10.2021) авиарейсидан худди шундай багажсиз арзон билетини сотиб олса бу унга 2 171 145 сўмга, яъни 80 фоизга арзонроқ тушади.