Бошқарув ташкилоти ёки бошқарувчи қандай танланади?
"Кўп квартирали уйларни бошқариш учун бошқарувчи ташкилотни ёки бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танлов ўтказиш тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги" тартиб лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳага кўра қандай ҳолатларда ва қай тартибда Бошқарув ташкилоти ёки бошқарувчи танлови амалга оширилиши белгиланган.
Лойиҳа бўйича айрим мулоҳазалар.
Танлов ўтказиш ҳолатлари белгиланган 3- бандда "кўп квартирали уйни бошқариш усулини танлаш тўғрисидаги қарор бажарилмаган бўлса", деган ҳолат ортиқча назаримда, Чунки бу ҳолат ундан аввалги "жойларнинг мулкдорлари ўртасида фойдаланишга топширилгандан кейин кўп квартирали уйни бошқариш усулини танлаш ва кўп квартирали уйдан фойдаланиш учун кафолат муддати тугаган кундан бошлаб уч ой ўтгач келишувга эришилмаган бўлса" ҳолатининг айнан ўзгинаси ва пироварди.
Шу билан бирга, Буюртмачининг ваколатлари ҳаддан зиёд ошириб юборилган ва танлов комиссияси ваколатларига зид ва даҳл қилиш ҳолатлари мавжуд, назаримда.
Масалан, 7- бандда "Танлов комиссияси жойларнинг мулкдорлари умумий йиғилишининг қарори билан тузилиши", белгиланган.
8- бандда эса "Буюртмачи Танлов комиссиясининг таркибини шакллантириши ва тасдиқлаши ва ҳатто унинг ишида қатнашиши" қайд этилган.
44- бандда "Буюртмачи ғолиб таклиф тўғрисида хабар беришдан олдин исталган вақтда танловни бекор қилишга ҳақли" экани кўрсатилган.
Умуман олганда, Буюртмачининг ваколатлари ўз номи билан буюртмачилик доирасида чекланиши, яъни танлов ҳақида қарор қабул қилиш ва танлов ғолиби билан шартнома тузиш доирасида тугалланиши керак.
Ўзбекистоннинг учдан бир қисмидан зиёд аҳолиси кўп қаватли уйларда яшайди, яъни ушбу тартиб бевосита уларнинг ҳаёт тарзи ва коммунал соҳадаги хизматлар сифатига таъсир кўрсатади. Шунингчун бефарқ бўлманг, муҳокамаларда иштирок этинг.