Толиблар "блицкриги"
Толиблар кейинги уч кунда Шимолий Афғонистондаги учта йирик шаҳарни - Шибирғон, Қундуз ва Сарипулни қўлга киритган.
Маршалл Дўстумнинг истеҳкоми ва туғилган шаҳри бўлган Шибирғонни қўлдан кетиши таъбир жоиз бўлса, худди Сталинграднинг қулагани кабидир.
Кеча тунда ва бугун тонгдан толиблар шимолдаги энг йирик шаҳар Мозори-Шарифга ҳужум бошлашга тайёргарлик кўра бошлаганлар. Уларнинг ўзига ишончи шунчалик юқорики, шаҳарга бўладиган ҳужумни олдиндан анонс қилишмоқда.
Ҳукумат қўшинлари фақат чекинмоқда, толиблар уларни қайта жамланишига ва позицион ҳимояни ташкил этишга йўл бераётгани йўқ.
Толибларни "тинчлантириш" сиёсати касодга учраганини, афсуски, ҳеч бир ташқи куч тан олмаяпти. 2 ой аввал толиблар Афғонистон ўтиш ҳукумати таркибига киришга қарши эмасди. Бугун эса бу таклифни очиқдан-очиқ рад этишмоқда. "Ўтиш даври ҳукуматини тузиш - бизнинг режамизда йўқ", демоқда толиблар вакили Забиҳулла Мужоҳид. Бошқача айтганда энди толибларга бутун Афғонистон керак, улар ҳеч ким билан Афғонистонни бўлишмоқчи эмас. Толибларнинг вақтинчалик иттифоқчилари, шимол ва шарқдаги ҳомийларига бераётган бошқа ваъда-ю, ишонтиришлари ҳам ҳеч қандай қийматга эга эмас. Улар ҳар қандай келишувдан аввал қандай рози бўлган бўлса, худди шундай предлог билан чиқиб кета олишни ўзлари осон эп кўра олишади.
Ўтган асрнинг 30- йилларида йирик давлатлар иштаҳаси очилиб бораётган Гитлер Германиясини "тинчлантириш"га, айтганини қилишга, ҳеч қачон бажарилмайдиган шартномалар тузишга уринишлари якунда қандай ниҳояланганини ҳамма билади.
Йирик ва манфаатдор давлатлар ёвузлик билан келишиб, муроса қилиб бўлмаслигини бу сафар ҳам қимматга тушадиган хато қилиш орқали эслайдиган кўринади.