Жозибадорлигини йўқотиб бораётган банк бизнеси ҳақида
Коронавирус пандемияси бошлангандан буён ўзбек банкларининг даромадлилиги пасайишда давом этмоқда. Лекин бунда коронавирус омили ягона сабаб эмас.
Ўтган 2020 йил давомида капитал рентабеллиги қарийб 17%дан 10%гача пасайган бир ҳолда, 2021 йил давомида бир хонали кўрсаткичлар доирасида қолмоқда. Йил охиригача мазкур тенденциянинг ўзгариши жуда қийин.
Депозит ва кредит бозоридаги шаффофликлар етарли эмаслиги туфайли реал маржиналликнинг пасайиб бораётгани, кредит рисклари ошиб бораётгани сабабли йўқотишлар эҳтимолига қарши тузилаётган захиралар (ваҳоланки, улар ҳали ҳам етарли эмас), янги технологиялар ва тизимларга капитал харажатларнинг ортиб бораётгани банк бизнесини Ўзбекистон шароитида бошқа бизнес соҳаларга нисбатан нисбий афзаллигини емирилиб боришига сабаб бўлмоқда.
Шу сабабли, агар давлат банкларини ҳисобга олмаса, давлат банкларидан ташқаридаги банкларда капитал ўсиши жуда секинлашган ва фақат ишлаб топилаётган соф фойда капитал ўсишининг асосий манбаига айланиб қолган. Давлат банкларига киритилаётган капитал эса қора туйнук ютиб юборадиган энергия кабидир, у ердан қайтмоқ ва қайтим мавжуд эмас.
Бир қарашда банк тизими бўйича 17,5%лик капитал етарлигиги кўрсаткичи аъло ҳолатдек. Лекин, биринчидан, бу кўрсаткич ойма-ой ва муттасил пасайиб бормоқда. Иккинчидан, капитал етарлилиги даражаси банклар ўртасида бир хил тақсимланмаган. Учинчидан эса, банкларнинг бенефициарларида банк бизнесини кенгайтиришга бўлган иштиёқ жуда суст ва яқин орада уни фаоллаштирадиган туртки кўринаётгани йўқ.