Банк тизимининг даромадлилиги яна пасайишни бошлаган
Банк тизимининг даромадлилиги 2020 пандемия йилидан кейин 2021 ва 2022 йилда секинлик билан бўлсада, ойма ой, чоракма чорак тикланишда давом этаётганди. Тенденция давом этса 2023 йилда банкирлар учун энг тўқ йил бўлган 2019 йилги даражага чиқиб олиш мумкин бўларди.
Афсуски, февралда бошлаб ҳисоблаганда, банк тизими даромадлилиги яна ойма ой пасайишни бошлаган. Капитал рентабеллиги 1 февралга 15,5%, 1 мартга 15,3%, 1 апрелга 15,1% ва 1 майга келиб 14,8%ни ташкил этган.
Даромад ва харажатларнинг ўзгариши таркибига назар солинса, бу энг аввало банкларда фоизли харажатларнинг тезроқ ўсаётгани билан боғлиқлигини кўриш мумкин. 2023 йилнинг ўтган даврида ресурс шаклланишида банклар тобора арзон ташқи манбалар, шунингдек кафолатланган давлат манбаларига имкониятлар чекланиб, нархи анча қиммат бўлган очиқ бозорга мурожаат қилишга ўтишган. Асосий ставка пасайтирилаётгани билан депозит бозоридаги нархлар юқорилигича қолмоқда, кредит фоизлари нархлари эса айниқса чакана бозордаги рақобат туфайли пасайишдан тўхтагани йўқ.
Иккинчи бир сабаб, банкларнинг фоизсиз даромадлари ўсиши секинлаша бошлаган. Банклар мижозларни жалб қилиш йўлида қатор эгилувчан ва арзон тариф режаларини таклиф этишда давом этишмоқда.
Банкларнинг операцион харажатлари ҳам жуда тез ўсмоқда. Албатта, бунинг сабабларини таркибига кириб, аниқлаштириш керак. Лекин жуда кўп банклар инфратузилмани, хусусан замонавий технологияларни жорий этишга оид катта харажатларни амалга оширишмоқда.
Эътиборлиси, Кредит ва лизинг бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарларга қарши захираларнинг ўсиши секинлашган. Лекин бошқа активлар бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарлар бўйича захиралар юқори суръатларда ўса бошлаган.
Банклар кредит рискларини бошқаришни аста секин яхшилашмоқда, лекин кун сайин йўқотишлар кўлами ошаётган йўналишларда операцион рисклар бўйича қилинадиган ишлар жуда кўп.
Банк тизими даромадлилигини пасайиши соҳага янги инвесторларни, айниқса хорижий банкларнинг қизиқишини пасайтиради.