Банк тизими даромадлилиги пасайишда давом этмоқда
Солиқ тўлангунга қадар соф фойданинг жами активларга нисбати (ROA) 2021 йил 1 апрель ҳолатига 2,0%ни ташкил этган. Ушбу кўрсаткич йил бошида 2,2%, ўтган йилнинг тегишли даврида эса 2,4% эди.
Рентабелликнинг пасайиши асосий омилларидан бири маржиналлик пасайиб бораётганидир, яъни Соф фоизли маржанинг жами активларга нисбати 4,5%дан 4,2%гача тушган. Банкларнинг фоизли харажатлари фоизли даромадларидан тезроқ ўсмоқда. Хусусан, ўтган 1 йил давомида фоизли даромадлар 31,5%га ўсган бўлса, фоизли харажатлар 36,5%га ошган. Ресурслар тақчиллиги ва доимий ошиб бораётгани шароитида бу ҳолатни табиий қабул қилиш лозим.
Банкларни қутқариб қолаётган манба бу фоизсиз даромадлар, яъни хизмат кўрсатишдан олинаётган даромадлар бўлиб қолмоқда. Фоизсиз даромадлар йил давомида 50,3%га ошган.
Захиралар тузиш учун харажатлар 80%га ошган. Ўтган уч ойда банклар муаммоли кредитлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун 4280 млрд.сўмлик захиралар яратган.
2017-2020 йиллардаги ўта фаол ва кучли маъмурий босим остидаги кредитлашнинг товони йил давомида банкларнинг ҳолатига таъсир кўрсатиб боради.