Taмаки ишлаб чиқарувчилар мижозларни овлашнинг янги усулларини қўлламоқда. Нима қилиш керак?
Тамаки ишлаб чиқарувчилар айни пайтда урф бўлган вейп, снюс, қиздириладиган тамаки ишлаб чиқаришдан манфаатдор, чунки улар учун оддий сигаретга қараганда анча кам солиқ тўланади.
16-20 ёшдаги ўсмирлар мода ортидан қувиб, ўзлари билмаган ҳолда тамаки компаниялари мижозларига айланиб қолишмоқда.
1,5 йил олдин мамлакатимизда хориждан келтириладиган қиздириладиган тамаки, снюс ва бошқалар учун акциз солиғини олиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Худди шу қарорда уч ой ичида тамаки маҳсулотлари (сигарет, қиздириладиган тамаки) ва вейпларни назорат қилиш тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши кўзда тутилган эди.
Кечикиб бўлса-да, уни тайёрлашди ва 2021 йилнинг июнида биринчи ўқишда маъқуллашди, турли русумдаги тамаки қиздирувчи замонавий электрон мосламалар тамаки маҳсулотларига тенглаштирилди.
Шундан буён жимжитлик ҳукмрон. Ва бундан ҳайрон бўлишга етарлича асосимиз бор. Балки қандайдир кучли лоббилар бордир. Айрим қонун лойиҳаларини 2 ҳафта ичида тайёрлаб, имзолаш учун киритадиган ижодкорлар негадир бу сафар ҳеч қаерга шошилмаяпти.
Шунга қарамай, агар тамакига қарши қонун қабул қилинса ва турли номдаги киздириладиган тамакидан иборат мини сигаретлар тамаки маҳсулотларига тенглаштирилса, табиийки, уларни акциз солиғига тортиш керак бўлади. Яъни сигаретлар билан бир хил мақомда. Бундан бюджет ҳам ютади. Масалан, 2021 йилда сигаретлар, папиросларга уч маротаба акциз индексацияси кўзда тутилган – жами 15% атрофида.
Лекин қиздириладиган тамаки, чилим учун тамаки, снюс, никотинли суюқлик учун акциз ўзгармай қоляпти. Ўз-ўзидан, тамаки компаниялари бор эътиборини айнан шу турдаги тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратмоқда. Мижозларни тузоққа туширишда улар шу усулдан фойдаланишяпти.
Ҳисоб-китобларга кўра, турли маркировкадаги қиздириладиган тамаки сотувлари мамлакатимиз бозорининг 10% қисмини эгаллаган. Сегмент тез суръатларда ўсмоқда ва баъзи прогнозлар бўйича яқинда 15%лик чегарадан ошади.
Бундан фақат хусусий тамакичилар эмас, давлат ҳам акциз кўринишида даромад олиши адолатли бўларди. Қолаверса, ўз вақтида улар мақомига кўра сигаретга тенглаштирилмаса, келажакда давлатимиз ўсмирлар чекувчилигига қарши курашишига тўғри келади.
Кейинги йил учун бюджетни тайёрлаш жараёни аллақачон бошланган. Шусиз ҳам биз 2021 йил ҳисобидан 3 ойни йўқотдик.
Агар тамакига қарши қонунни маъқуллаш шу тариқа кечикадиган бўлса, 2022 йилда тамаки компаниялари вақтдан унумли фойдаланиб, солиқлардан пул тежаш эвазига қиздириладиган тамаки маҳсулотлари ҳамда никотинли суюқлик бозорини фаол кенгайтиришда давом этишади. Бу эса том маънода ёшларимизни заҳарлаш билан тенг.
Бюджетнинг кўрадиган зарари-чи? Буни ҳеч ким ҳисоблаб кўрмаган. Ўйлашимча, килоли қиздириладиган тамаки учун музлатилган акциздан кўрилаётган зарар йилига 205 млрд. сўмдан кам эмас. Тамаки компаниялари мини сигаретларга камроқ тамаки аралашмасини қўшмоқчи бўлса, уларнинг хоҳишлари давлат зарарига ишлайди. Бу аллақачон оддий сигаретлар мисолида аниқланган ва уларга дона учун акциз қайта ҳисобланган.
Қиздириладиган тамаки борасида ҳам шундай йўл тутиш давлат учун манфаатли бўлади.