Ўзбекистонда никотин маҳсулотларини тартибга солиш тизими бўйича аналитик ҳисобот тақдим этилди
Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, барқарор талаб сақланиб қолаётган шароитда қатъий тақиқлар бозорни йўқотмайди. Аксинча, иқтисодий фаоллик яширин секторга кўчади. Бу эса бозор шаффофлигининг пасайиши, давлат назорати механизмларининг заифлашиши ва қалбаки маҳсулотлар улушининг ортишига олиб келади.
Бу ҳолат рақамларда ҳам яққол кўринади. Масалан, 2023 йилда электрон сигарет ва снюс маҳсулотларидан давлат бюджетига тушумлар тахминан 101 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 1,7 млрд сўмгача тушиб кетган. Яъни тушумлар 97%дан ортиққа камайган. Шу билан бирга, маҳсулот бозорда мавжудлигича қолмоқда — бу эса унинг ноқонуний айланмага ўтганини кўрсатади.
Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, кўплаб давлатлар тўлиқ тақиқдан кўра тартибга солинган бозор моделларини афзал кўради. Бунда маҳсулотга аниқ талаблар қўйиш, бозорга киришни лицензиялаш, ёш бўйича чекловлар жорий этиш ва сотув каналларини назорат қилиш каби механизмлар қўлланилади.
Мутахассислар фикрича, мавжуд шароитда тақиқловчи моделдан тартибга солинган бозорга ўтиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Бу орқали бозорни қонуний майдонга қайтариш, давлат назоратини кучайтириш ва бюджет тушумларини тиклаш имконияти пайдо бўлади.
Шу боис, ушбу соҳада мувозанатли ва асосланган ёндашувни шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.