"Қишлоқ хўжалиги ерларини олиш бўйича аукционда фақат маҳаллий деҳқон ва тадбиркорлар иштирок этишини белгилаш лозим"
Кечаги йиғилишда Давлатимиз раҳбари жонкуяр халқимиз ва миллий тадбиркорларимизни охирги йилларда ўйлантириб келаётган хорижий инвесторларга ер ажратиш масаласига тўхталган.
Қайд этилишича, қишлоқ хўжалиги ерларини олиш бўйича аукционда фақат маҳаллий деҳқон ва тадбиркорлар иштирок этишини белгилаш лозим бўлади. Мудофаа, чегара, тарихий-маданий ерлар ва ўрмон фонди ерлари фақат мамлакатимиз фуқароларига берилади.
Шунингдек, хорижий инвесторларга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага беришнинг тартиби ва шартлари қайта кўриб чиқилади. Бундан буён уларга фақат вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги дирекциялар орқали, инвестиция миқдори камида 10 миллион доллар бўлган лойиҳалар доирасида, яйлов, лалми ва фойдаланишдан чиққан ерларни айланмага қайтариш шарти билан иккиламчи ижарага бериш тартиби қўлланади. Бошқача айтганда хорижликларга (хорижий инвесторларга) қишлоқ хўжалиги ер майдонлари берилмайди.
Давлат раҳбарининг топшириқларидан келиб чиқиб қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилса керак.
2026 йил бошида айрим туманларда фермерлардан турли важ-корсонлар билан тортиб олинаётган ер майдонларининг хорижий инвесторларга берилиши истиқболлари ёки ер аукционларининг айнан хорижий инвесторларга мосланаётган бўлиши мумкинлиги хақида хавотирлар пайдо бўлганди.