33K101Telegramda ochish
“Ер бермоқ - жон бермоқ” Халқимиз учун жонажон ватанимизнинг ҳар бир қаричи муқаддас. Азалдан, уч минг йиллик давлатчилик тарихимизда ер масаласидаги қарорлар доим оғриқли ва баҳсли қабул қилинган, ерга келганида ҳар бир ўзбекистонликнинг адолатга бўлган эҳтиёжи ва ҳиссиёти дарҳол жонланади. Шу маънода турли спекуляцияларни бир четга йиғиштириб қўйган ҳолда, хорижликларга ер ажратиш билан боғлиқ хавотирларни тўғри тушуниш лозим. Албатта, Ер кодексида чет эллик фуқаролар ва юридик шахслар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ер участкаларига фақат ижара ҳуқуқи асосида эга бўлиши мумкинлиги белгиланган. Айни пайтда тобора мураккаблашиб бораётган глобал реалликларда, янги ва янги чақириқлар яратаётган хатарлар тўлқинида бу мезон етарли эмаслигини тушуниш лозим. Ижтимоий кайфият ҳам қабул қилиши қийинлашиб бораверади. Шу маънода, 2021 йилда бошланган Ер ислоҳотининг навбатдаги босқичларида Ер участкасига талабгор чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона бўлса, унинг камида 51%и Ўзбекистон фуқароларига бевосита ёки билвосита тегишли бўлишини назарда тутувчи, шунингдек, чет эл юридик шахслари ва чет эл фуқароларининг ер участкаларига ижара ҳуқуқини кескин чекловчи қоидалар киритилиши зарур. Ерга нисбатан хорижликларга оид алоҳида қаттиқ қоидалар қатор мамлакатларда мавжуд ва умумммиллий консенсус ҳисобланади. Ерга оид дискуссия инвестиция муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ўринга эга эмас. Зеро Ўзбекистонга келаётган соғлом инвестор, энг аввало инвестицияларидан фойда кўриш мақсадида келади, ер олиб латифундистга айланиш ё ер портфелига эга бўлиш мақсадида эмас. Қолаверса, инвестицион муҳитни (нафақат хорижлик инвесторларга, ўзбекистонликларга ҳам) ўнлаб бошқа омиллар ёмонлаштирмоқдаки, шу ҳақида қайғуриш ўринлироқ бўларди.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin