«Йирик ер эгалари юзага келишига йўл қўймаслик керак»
Ер масаласи туфайли тузумлар, ечимлар турлича бўлгани сабабли давлатлар ўзгарган. Шу сабаб бу масалада жуда ҳам эҳтиёткорлик ва нозиклик билан муносабатда бўлиш керак.
Ерга нисбатан мулкчилик шаклининг ва муносабатларининг ўзгариши иқтисодий ўсишни ҳам тезлаштиради. Эътибор қаратадиган бўлсак, ер Ўзбекистонда гаров объекти эмаслигининг ўзи, унинг пул айланмасидан ташқарида эканини англатади. Бизнинг машинамиз, уй-жойимиз, дўконларимиз капиталистик муносабатларга кирган, аммо ер капиталистик муносабатларга кирмаган. Асосий қоида ерни капиталистик муносабатларга киритишда бўлиши керак. Бирор мамлакат ерни бозор воситасига айлантирмасдан туриб иқтисодий ўсиш доимийлигини таъминлай олмаган. Албатта, бу йўлдан ўтилиши керак.
Лекин йирик ер эгалари пайдо бўлишига йўл қўймаслик керак. Улар ўзининг миқёсида маҳаллий ҳокимиятларни таъсир доирасига тушира оладиган имкониятларга эга бўлади. Бутун инфратузилма ўшаларга боғлиқ бўлиб қолади, уларнинг босими остида шаклланишига олиб келади. Бутун бошли маҳаллий сиёсатнинг амалга оширилиши шуларга боғлиқ бўлиб қолади. Биздаги шароитда йирик ер эгалигининг асосий хавфи шундан иборат.
Иккинчи хатари шундаки, ер майдонлари сунъий суғоришга асосланган, яъни сув ресурсларининг тақсимланиши билан боғлиқ. Ер эгалари қанча йирик бўлса, сув назорати уларнинг қўлига ўтиб кетиш эҳтимоли юқори. Бу ҳам катта хатар ҳосил қиладиган нарса. Бунда табиий равишда йирик ер эгаларининг имконияти майда ер эгалариникига нисбатан юқорироқ шаклланади. Майда ер эгаларининг йирик ер эгаларига боғлиқлиги юзага келиб қолади.