Сайилгоҳдаги жамоат макони қачон иқтисодий зонага айланди: Савол устига савол
Тошкент Кадастрининг маълум қилишича, Сайилгоҳнинг Diplomat International School'га туташ ва ўтган ойларда камида икки марта ўраб, тўсиб олинган ҳудуд иқтисодий зона экан.
Ушбу худуд иқтисодий зона ҳисобланиб, доимий фойдаланиш ҳуқуқига эга “ASTRUM” МЧЖнинг мулки хисобланади. 13877 кв.м - умумий майдонга эга бу ҳудуд бўйича 2020 йилнинг 31 декабрдаги 10;07;01;01;01;0217 сонли ер майдони ва бино иншооти учун давлат рўйхатидан ўтган кадастр ҳужжатлари мавжуд дейилади Кадастр хабарида.
Яна Кадастр хабаридан ўраб олинган ҳудудда қурилиш ишлари бошланиши мумкинлиги англашилади.
Очиқ маълумотларга кўра, "ASTRUM" mas’uliyati cheklangan jamiyati 2019 йил 21 августда рўйхатдан ўтган. Ягона таъсисчиси MANSUROV MAKSATTILO XUSEYNOVICH. Жамият раҳбари сифатида Azizov Akbar Anvarxodjayevich кўрсатилган.
Кадастр маълумотларида "ASTRUM" mas’uliyati cheklangan jamiyati иқтисодий зона дейилаётган мазкур ер майдонини қандай қўлга киритгани очиқланмаган.
Табиийки янги саволлар туғилади:
Нега йиллар давомида жамоат макони ҳисоблаб келинган Сайилгоҳнинг бир қисмининг мақоми иқтисодий зонага ўзгартирилган?
Қайси ҳоким, қай асосларга кўра бундай қарор чиқариб берган?
2019 йил 1 октябрдан буён ер майдонлари фақат очиқ аукционлар орқали қўлга киритилиши мумкин. Агар Сайилгоҳнинг ушбу ҳудуди аукционга қўйилган бўлса, қачон қўйилган?
Аукционда кимлар иштирок этган? Ер майдони қанчага сотилган?
P.S. Ҳар эҳтимолга қарши сиз яшаётган ҳудуддаги жамоат маконлари, йўллар, майдонлар, ҳиёбонларнинг мақомини ҳам бир текшириб қўйишга тўғри келади. Чунки бошимизга келган сотарманларда ҳеч қандай чегара қолгани йўқ.
- https://t.me/kadastr_uzb/2477@kadastr_uzb