Қурилиш бозорига хорижий қурилиш компанияларини киритиш вақти етмадимикан?
Ҳар сафар йирик қурилиш объектининг тендерсиз, ҳукумат қарори билан берилиши жамоатчиликда кўплаб норозиликлар яратади. Айниқса, қурилиш ишларини лойиҳалаш билан бирга параллел ўтказилиши, кейин объектнинг нархи каррасига ошиши каби ҳолатлар табиийки ёқимсиз, захарханда саволлар туғдиради.
Охирги мисол. Ғорат қилинган Миллий боғда қуритилган кўл ўрнида қурилиши айтилаётган Миллий театр ёки Опера театри масаласи. Ҳали нима қурилиши номаълум, лекин ҳукумат қарори билан объектни ким қуриши олдиндан белгилаб қўйилган.
Тендерсиз қарорлар майли, ўз йўлига, барча репутацион рискларни ҳукуматнинг ўзи олаяпти дейлик. Нима савол ва эътироз бўлса - ҳукуматга. Репутация ва имидж қуйига қараб инаверсин, деб ҳисоблашаяптими, майли давом эттиришаверсин.
Энди ўтказилаётган тендерларга келсак. Йирик қурилиш объектлари бўйича тендерда узоғи 2 ёки 3 талабгор бўлади. Табиийки, йирик объектлар бўйича пудратчиларга талаблар ҳам баланд. Республика бўйича саналса, уларнинг санашга бир қўлнинг бармоқлари камлик қилади. Қурилиш вазирлигининг реестрига кўра А рейтингга эга бир дона қурилиш компанияси бор холос, ВВВ рейтингга эса икки компания мос тушган. Бўлди. Сиз бу учта компаниянинг номларини ҳам биласиз, келтириб ўтириш шарт эмас.
Нима демоқчиман, ҳар икки йирик объектнинг бирини шу учликдан бири ютиб олаётганига аслида улар айбдор эмас. Уларнинг малакаси, ўзининг техник базаси, кўп йиллик тажрибаси бор. Буни инобатга олмаслик ҳам мумкинмас.
Шундай экан асосий муаммо рақобат муҳитининг йўқлигида. Потенциал рақобатчиларнинг бозорга қўйилмаётганида. Тендер ташкилотчилари ва буюртмачилар нега талабгорлар сонини ошириш учун халқаро тендер ўтказишга уриниб кўришмайди?
90- йилларда Ўзбекистондаги кўплаб йирик объектларни турк, немис ва югослав/серб компаниялари қуришган. Халқаро бизнес маркази, Банклар ассоциацияси, Халқаро Аэропорт - бу фақат эсимга келганлари.
Лекин охирги беш йилда биронта йирик қурилиш ишлари бўйича халқаро тендер эълон қилингани йўқ. Бу аэропорт қурилиши бўладими, Ислом Марказими ё Янги Ўзбекистон Боғи қурилишими, ўзимизникилардан, тор доирадаги манфаатдорлардан ошмаяпти.
Мен халқаро қурилиш компанияларини бозорга киритиш деганда регистрацияси Офшорда, лекин эгалиги Ўзбекистонда бўлган қоракўз компанияларни назарда тутмаяпман.
Масалан, қиймати 5 млн.доллардан зиёд объектлар бўйича халқаро тендер ўтказилиши шарт қилиб қўйилса, бундан ҳамма ютади. Қурилиш сифати ҳам юқори бўлади, янги технологиялар, замонавий архитектура ечимлари пайдо бўлади нарх ҳам шиширилмайди, асосий молиялаш манбаси - бюджет ҳам ютади.
Ишончим комил, агар халқаро тендерлар ўтказилса, бозоримизга шведларнинг машҳур Skanska компанияси ҳам, туркларнинг Kolin İnşaat'и ҳам, сербларнинг RM construction ширкати ҳам бозоримизда пайдо бўлади.
Фақат бунга хоҳиш керак холос.
Хоҳиш эса ҳозирча кўринмаяпти, балки қурилишда ўзлаштирилаётган беҳисоб маблағларни бўлишишни исташмаяпти.
@the_bakiroo