Ҳокимлар кечаги гаплардан хулоса чиқарадими? Менимча йўқ
Давлат раҳбари уй-жой қурилиши учун пудратчи танлашда 2-3 та ташкилот билан чекланилаётгани, сабаби ҳаммаси ҳокимларнинг одами эканлиги ҳақида айтган фикрлари билан ҳокимлар тийилиб қолиши, иш тутумини ўзгартириши жуда қийин масала.
Токи қурилиш бозорида рақобатлашадиган ўнлаб йирик компаниялар пайдо бўлмагунича. Буни ҳокимлар асло истамайди.
Ҳар йилги қурилиш буюртмасини ўзаро боғланиб кетган 2-3та олигопол компаниялар ўзаро тақсимлаб, ҳазм қилишда давом этаверишади. Эътибор берсангиз, давлат раҳбари айтган ҳолат Республика миқёсида ҳам шундай. Марказлашган буюртмаларни тендерсиз ёки ҳатто тендер билан ўзлаштирадиган доимий пудратчилар 2-3та компания. Уларни номини санаш шарт эмас.
Шунинг учун ўзбек қурилиш бозорига хорижий компанияларни киритиш вақти етди. Агар хақиқатан ҳам айтаётган гапларимиз самимий бўлса, агар буни амалга оширишга сиёсий ирода шаклланиб улгурган бўлса. Бу ҳақда аввал ҳам ёзгандик.
Ўзбек қурилиш бозорининг йиллик ҳажми ёндош секторлар билан ҳисоблаганда 10 млрд.доллардан ошади. Бу жуда катта бозор. Мана-ман деган халқаро компаниялар жон деб кириб келади ва рақобатга киришади.
Албатта қўшимчасига, марказлашган ва ҳудудий миқёсдаги тендерларни ўтказишда ҳукуматни ва ҳокимларни бу жараёндан тўлиқ четлаштириш лозим. Тендерларда манфаатдорлар умуман қатнашмаслиги лозим. Ҳозирги шароитда ҳукумат таркибидаги қурилишга аффилланиб кетган вазирлар ва ҳокимлар ўзларига чатишиб кетган компаниялар фойдасига зид қарор қабул қилишини кутиш ўзи мантиқсизлик.
Кеча саналса жуда чиройли гаплар ва рақамлар айтилди. Лекин хом ашёдан тортиб тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқариш занжири яратиш, қурилиш муддатини 30 фоизга, таннархни эса 20 фоизга камайтириш, қурилаётган лойиҳаларнинг камида 50 фоизида замонавий маҳсулотлар ишлатилиши каби вазифалар ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Бу мақсадларга ҳокимларга топшириқ бериш ёки қурувчиларга буюриш билан етиб борилмайди. Рақобат ва фақат рақобат қурилиш компанияларини бунга мажбур қилади. Борми ҳозир бундай рақобат? Йўқ
@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/3490@the_bakiroo