12K50Telegramda ochish
Ипотекани одамларга ҳалол-пок етказиш тўғрисида Кеча уй-жой қурилиши ва ипотека мавзусида ўтган йиғилишда жуда кўп баёнотлар янгради. Албатта, бир муддат ўтиб, бу баёнотлар қарорлар, фармонлар ва меъёрий ҳужжатларга айланади. Энг аввало, давлат раҳбари "Одамларга ипотекани ҳалол-пок қилиб етказиш" ҳақида гапирганига тўхталмаса бўлмайди. Бу ерда гап шаффофлик ва очиқликни кенгайтириш, танловни ошириш ҳақида кетмоқда. Ҳарқалай мен шундай маъно уқдим. Иккинчидан, кўпинча бундай мақомдаги йиғилишларда жуда кўп топшириқ берилганидан улар орасида рақобатга зид, яъни рақобат муҳитини бузадиганлари, монополияларни яратишга хизмат қиладиганлари ҳам ўтиб кетади. Ҳокимларга, маҳаллий олигархларга роса ёқади шу жойлари. Негадир айни шу тоифадаги топшириқлар жуда тез ижрога киради. Уй-жой қурилиши ва ипотека тизимида ҳар бир занжирда рақобат ҳаддан ташқари катта аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳар бир янги қарор ва топшириқ ижрога келганда рақобатни чекламаслик нуқтаи назаридан ҳар томонлама қайта фильтрдан ўтиши даркор. Учинчидан, уй-жой қурилиши ва ипотека жуда узун ва ундаги қатнашчиларнинг биргаликдаги масъулияти ва жавобгарлиги устига қуриладиган жараён. Бу тизимда фақат харидорни ёки фақат Банкни масъул қилиб бўлмайди. Худди шунингдек, фақат буюртмачи ёки фақат қурувчи жавобгар бўлиши ҳам нотўғри. Шу маънода "банк уйни харидорга вақтида топширилишига кафил бўлади" деган принцип нафақат банкнинг, занжирдаги ҳамманинг зиёнига ишлайди. Қолаверса, агар шундай ўлчов қоидага кирса, Дастурда биронта хусусий банк қолмайди. Ҳаммаси яна давлатнинг зиммасига қолади. Тўртинчидан, охирги икки йилдаги тажрибадан кўрдикки, энг катта талабни улуш киритиш асосида сотиб олинган кўп қаватли уй-жойларга ипотека яратмоқда. Яъни, қурилаётган, халқ тилида айтганда "ҳали кадастри йўқ" кўп қаватли уйларни сотиб олиш учун ипотекани молиялаштириш. Ҳозирча бундай уйлардан ипотека расмийлаштириш учун кўп босқичли жараёндан ўтиш керак бўлади: Кадастри йўқ квартирани "котлован" босқичида улушдор ўлароқ сотиб олмоқчи бўлган харидор аввал тижорий ипотекани тижорий фоизларда расмийлаштириши керак бўлади (қўшимча гаров ёки суғурта воситасида). Улушдор сифатида қурилиши бошланган уй-жой қуриб битказилгандан ва давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейингина кредит қолдиғини давлат ипотека дастури бўйича қайта расмийлаштиришингиз мумкин. Кўраяпсизми, қанчалар мураккаб? Эслатиб ўтамиз, бозорда "кадастри тайёр" ва котлован босқичидаги уйлар нархларидаги фарқ 50-60%гача етади. Шундай экан, Давлат ипотека дастури доирасидаги ипотекани "котлован" босқичидаёқ расмийлаштириш тизимига ўтиш ҳақида ўйлаб кўриш вақти етди. Албатта мавжуд рискларни банк, харидор, буюртмачи ва қурувчи ўртасида тенг тақсимлаган ҳолда. Агар рисклар тенг тақсимланса, бундан ҳамма ютади. Харидор нархлардан, буюртмачи/қурувчи материаллар ва таннарх ошиб кетишидан, банк эса кафолатланган даромадлардан. @the_bakiroo

Arxivda shunga yaqin