"Кадастр ҳужжати йўқ уйга ипотека кредити бериш мумкин эмас"
Бугунги йиғилишда ипотека тизимини кенгайишига тўсиқ бўлаётган омиллар саналгани бежиз эмас.
Охирги 4 йилда ўта фаол ишлаган давлат ипотека дастури бўйича молиялаштириш кейинги вақтда димланиб қолаётгандек. Дастур доирасида уй-жой олиш учун таклиф тобора қисқариб бормоқда. Чунки ликвидли уй-жойлар пойдевор босқичидаёқ сотилиб кетиши табиий жараён. Қолаверса, банклар фақат масъулиятли қурувчилар ва ликвидли уй-жойларга нисбатангина рискини бўйнига олиб ўз ресурслари ҳисобидан кредит ажратмоқда.
Натижада давлат дастурлари доирасида ипотекага уй олиш учун ё кадастри бор, лекин қиммат (пойдевор босқичидан кадастри бўлгунча уй-жой 2 баробаргача қимматлаб кетмоқда) ёки унча ликвидли бўлмаган таклифларни қабул қилишга тўғри келмоқда.
Балки Давлат раҳбари таклиф этаётганидек, Ипотекани қўллаб-қувватлаш жамғармаси шу рискларни ўз зиммасига олар? Балки Давлат ипотека дастури бўйича масъулиятли қурувчилар қураётган уй-жойлар бўйича пойдевор босқичида ипотека ажратиш Жамғарманинг кафолати билан амалга оширишга рухсат берилар?
Балки шунда ёлғончи, муттаҳам, нопок қурувчиларнинг алдовига учган фуқаролар олдида ҳукуматнинг ўзи балогардон бўлиши, бюджетдан товон қоплашлар кабиларга чек қўйилар?