Давлат банклари расмий даромадга эга бўлмаган қарздорларга ҳам ипотека ажратишни бошламоқда
Ўтаётган ҳафтада иккита йирик давлат банки расмий даромадга эга бўлмаган қарздорларга ҳам ипотека кредитларини ажратиш бошланганини эълон қилди. Қолган давлат банклари ҳам яқин кунларда даромадларга нисбатан талаблар енгиллаштирилган ипотека маҳсулотларини тақдим этишни бошлашса керак.
Эслатиб ўтамиз, 1 майдан бошлаб ипотека кредитларини расмий даромадга эга бўлмаган жисмоний шахсларга ҳам ажратишга рухсат этилган. Бунда, ушбу фуқароларнинг тўлов қобилияти уларнинг банк картасидаги айланмаси, ижара, коммунал ва бошқа харажатларини ҳисобга олиш орқали аниқланади.
Банклар ипотека бозоридаги рақобат курашида ўз ўрнига эга бўлиш учун турли эгилувчан ва жозибадор қадамларга боришмоқда.
Хусусан, Ипотека банки таклиф этаётган давлат дастури доирасидаги ипотека улуш киритиш асосида уй жой қурилишини молиялаштиришга ҳам йўналтириш мумкинлиги эътиборни қаратса, Халқ банкининг тижорий ипотекасида бошланғич бадал 40%дан юқори бўлса ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун расмий даромад манбаи талаб этилмайди ва мижознинг қарз юки ҳисобга олинмайди.