"Коробка" ёки тайёр ҳолда?
Ўтган йили айни пандемия чекловлари авжига чиққан вақтда хусусий пудрат ташкилотлари томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз (пардоз ишларини амалга оширмасдан) қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга рухсат берилган эди.
Яъни, ҳозирда бирламчи бозордан турар-жойларни "коробка" ҳолида ипотека ҳисобига ёки ўз маблағлари ҳисобидан сотиб олиш мумкин.
Гарчи қурилиш компанияларини қўллаб-қувватлаш ва ипотека бозорини рағбатлантириш учун йўлга қўйилган бўлсада, бу механизм қатор муаммо ва қийинчиликларни яратмоқда.
Биринчидан, "коробка" ҳолда сотиб олганда харидор ҳар ўн квадрат уй-жойдан 1-1,5 квадрат майдонни йўқотади. Масалан, 50 кв.м "коробка" хонадонда оралиқ деворлар кўтарилгач, 5-7 кв.м йўқотилади. Кўпчилик харидорларнинг арзонроқ "коробка" уйларни танлаши, аслида шундай нарх алданишини яратади.
Иккинчидан, "коробка" ҳолидаги хонадон ремонти учун сарф-харажатни ҳисобга олгандаги қиймати тайёр ҳолда уй-жойдаги хонадон қийматидан, барча ўзига хосликларни инобатга олганда ҳам нисбатан юқори бўлади.
Учинчидан, "коробка" ҳолида топширилган кўп қаватли уй-жойда ремонт йиллар давомида тўхтатмайди. Хонадонлар эгалари бирин-кетин, кўчиб келишига қараб ремонт бошлайдилар. Ҳовли, лифт, зиналар, йўлаклар деворлари қайта-қайта шикастланади. Таъмирлаш билан боғлиқ шовқинлар узоқ вақт яшовчиларни безор қилади.
Тўртинчидан, "коробка" ҳолдаги кўп қаватли уй-жойни газ, сув, электр, канализация коммуникацияларга улаш бир вақтда юз бермайди. Натижада тизимнинг бардошлилиги тўлиқ синовдан ўтмайди. Бу кейинчалик кўп қаватли уйнинг коммунал таъминоти билан боғлиқ муаммоларини яратади.
Бешинчидан, кўп қаватли уйларнинг энг катта муаммоси бу уни эксплуатация қилиш маданияти ва бошқариш масаласидир. "Коробка" ҳолида топширилган кўп қаватли уйнинг эксплуатация муаммолари биринчи кунданоқ бошланади. Чунки унда на уй-жой мулкдорлари ширкати ва на бошқарув компанияси бўлади.
"Коробка" ҳолида топширилган уй-жойлар билан боғлиқ муаммоларни яна кўп санаш мумкин.
Нима бўлгандаям, ўтган йили мураккаб кунларда қабул қилинган ўзгаришларни қайта кўриб чиқиш вақти келди. Белгиланган вақтинчалик қоидалар ўзининг вазифасини ўтаб бўлди. Энди яна маданий, нисбий афзал ва масъулиятли мезонларни кун тартибига қайтариш керак.
@the_bankiroff