Рақобат йўқолмаслиги керак: Қурилиш бозорига хорижий компанияларни киритиш вақти келди
Бугунги йиғилишда кўприк, тоннел, кўп қаватли бинолар каби сейсмик хавфсизлик талаблари юқори бўлган бино-иншоотларни қуриш фақат Қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтингида “А” ва “Б” тоифага эга бўлган корхоналар томонидан амалга оширилиши айтилди.
Бу яхши қарор. Приоритетда хавфсизлик ва сифат бўлиши керак. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор.
Расмий реестрга кўра, Ўзбекистонда “А” тоифага эга қурилиши компанияси бор йўғи бир дона. “Б” тоифага эга бўлган корхоналар жами 61 та.
Айрим ҳудудларда “А” ва “Б” тоифага эга бўлган қурилиш корхоналарининг ўзи йўқ.
Табиийки. агар қоидалар ишга тушса, энг катта қийматга объектларни қуришга фақат саноқли компаниялар курашадилар холос. Давлат ва бюджет маблағларига қуриладигавн кўприк ёки тоннел каби махсус объектларга даъвогарлик қиладиган компаниялар сони эса янаям кам, бир қўлимизнинг бармоқлари кўплик қилади ва шу пайтгача ҳам буюртма қироллари бўлиб келганларнинг номларини сиз жуда яхши биласиз.
Шунинг учун бозордаги соғлом рақобатни йўқотиб қўймаслик, лойиҳалар нархини шишиб кетишини олдини олиш учун, айтайлик қиймати 5 млн.доллардан зиёд объектлар бўйича халқаро тендер ўтказилиши шарт қилиб қўйилиши зарур. Шунда бозоримизда немис, швед, сауд ва серб компаниялари пайдо бўлади. Улар ўзи билан бирга нафақат рақобат олиб киради. Яна қурилиш сифати ҳам юқори бўлади, янги технологиялар, замонавий архитектура ечимлари пайдо бўлади нарх ҳам шиширилмайди, асосий молиялаш манбаси - бюджет ҳам ютади.
Афсуски, охирги етти йил ичида Ўзбекистон қурилиш бозорига биронта жиддий хорижий компания киритилмади. Аср қурилишлари деб номланадиган объектлар бўйича биронта халқаро тендер ўтказилмади. Барча буюртма ва лойиҳалар маҳаллий корчалонлар билан аффилланган саноқлик субъектлар томонидан ҳеч бир рақобатсиз эгалланмоқда.
Балки мана энди вазият ўзгарар?