Ҳеч нарса ҳақида ҳеч нарса
Янги Ўзбекистон ва очиқлик калимаси ишлатила бошлаганининг олтинчи йилида мазмун ташимайдиган, таҳлил учун етарли бўлмаган, лекин шакл берадиган статистика билан чалғитиш роса авж олди. Бу билан гўёки очиқлик сиёсати давом этаяпти. Статистика қўмитаси бунинг роса ҳадисини олган. Қолганлар энди ўрганаяпти.
Лекин бу ҳаммаси мақсадли ёлғон. Камида иллюзия ёки русчасига айтганда подмена.
Қурилиш соҳасидаги энг йирик солиқ тўловчилар билан боғлиқ мана бу инфографикадан иборат статистика ҳам шу жумладан. Буни кўрган 99% ахборот истеъмолчиси, ҳа, шунча сўксак ҳам қурилиш компаниялари солиқ тўлаяптийкан-ку барибир, деган тасаввурга боради, шу тасаввур унинг шуурига сингади.
Лекин бу ахборотнинг динамика ва қуйи мундарижаси эълон қилинмаса, бир тийинга қиммат, яъни ҳеч нарса ҳақида ҳеч нарса эканини фақат жуда кам сонли закийлар тушунади. Зотан агар динамика ва солиқлар таркибидан иборат мундарижа эълон қилинса, анову тепадаги қолган 99% ахборот олувчида ҳам милёнта савол пайдо бўлади. Шунинг учун на динамика берилади, на батафсил таркиб очиқланади.
Инфографикадаги маълумотларга нисбатан ишончсизлигингиз мустаҳкамланиши учун, Сизга шпаргалка ва калит сўзлар бераман.
Биринчидан, бу компанияларнинг аксарияти бюджетхўр, яъни давлат буюртмаларини конкурссиз ёки келишилган рақиблар иштирокидаги спарринг аукционлар орқали ўзлаштирувчилар ҳисобланишади.
Уларнинг бир нечтаси ўзаро аффилланган, яъни бир чўнтакка хизмат қилади, лекин рўйхатга қарасангиз ўзаро рақобатчидек.
Иккинчидан, рўйхатдаги суммалар асосан ҚҚС ҳисобига шишган. Яъни бу солиқларни қурилиш компаниялари эмас, аслида истеъмолчилар, яъни сизлар тўлагансизлар.
Учинчидан, рўйхатда келтирилган компанияларнинг ҳар бири ҳеч бўлмаганда битта солиқ имтиёзига эга. Фойда солиғидан, мол мулк ва ер солиғидан, импорт божлардан ва ҳатто ҚҚСдан ҳам. Булар нафақат бюджет эмувчилар, балки солиқ имтиёзларининг асосий ўзлаштирувчилари ҳам.
Тўртинчидан, январь-октябрь ойларида Ўзбекистонда жами 105 трлн.сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилган. Рўйхатдагиларнинг қанча қурилиш ишлари амалга оширгани атайин эълон қилинмаган, агар эълон қилинса тўланган солиқлар жами қурилиш ишларига нисбатан қанчалар даражада паст эканини калькуляторсиз ҳам ҳисоблай оласиз.
Ва бешинчидан, ёдда тутингки, Ўзбекистонда қурилиш соҳаси яширин иқтисодиёт энг гуркираган соҳа ҳисобланади ва бунга онгли равишда йўл қўйилган.
- https://t.me/soliqnews/9799@soliqnews