Кредитлаш яна фаоллашмоқда
Октябрда банкларнинг кредит қўйилмалари қолдиғи қарийб 1,5%га ошган. Кредит фаоллиги асосан корпоратив кредитлар ва ипотека эвазига таъминланмоқда. Одатда йил якунига қараб қайта молиялаштиришга талаб юқори даражада бўлади, корпоратив кредитлашнинг тезлашаётганини шу билан ҳам изоҳлаш мумкин.
Муаммоли кредитлар улуши ва миқдори барқарор тарзда қисқариб бормоқда. Ой давомида NPL қолдиғи 109 млрд.сўмга камайган, кредит қўйилмаларидаги муаммоли кредитлар улуши ҳам, табиийки, 5,7%гача (-0.1%) пасайган.
Муаммоли кредитлар билан ишлашда Халқ банки (-403 млрд.сўм) ва Алоқабанк (-38 млрд.сўм) жуда фаол бўлган.
Лекин айрим банкларда муаммоли кредитлар ўсишда давом этмоқда. Давлат банкларидан Миллий банк, Қишлоққуурилишбанк ва Агробанкда, хусусий банклардан эса Ипак йўли банки, Тенгебанк ва Мадад инвест банкда NPL қолдиғи ва улуши юқорироқ суръатда ўсган.