Банкларда фаол кредитлаш давом этмоқда
Сентябрда ҳам кредит фаоллиги юқори даражада бўлган. Банкларнинг кредит қўйилмалари 7,4 трлн.сўмга ошиб (+2,1%), 362,9 трлн.сўмга етган.
Банклар қирқимида яна давлат банклари фаол бўлган: Асакабанк (+1,6 трлн.сўм), Миллий банк (+1,4 трлн.сўм) ва Агробанк (+0,7 трлн.сўм) энг кўп ўсишга эришган.
Хусусий банклар орасида Капиталбанк (+649 млрд.сўм) портфели шиддатли ўсишда тўхтагани йўқ. Онлайн банклар - Анорбанк (+196 млрд.сўм) ва ТВС банк (+157 млрд.сўм) кредит қўйилмалари бўйича майда банкларни деярли ортда қолдира олишди ва тез орада топ-10 хусусий банклар рўйхатига қўшилишади.
Регулятор маҳсулотлар қирқимидаги маълумотларга корректировка киритган. Микроқарзлар қолдиғи камайтирилган, истеъмол кредитлари қолдиғи кўпайтирилган. Эътиборлиси, сентябрда таълим кредитлар қолдиғи бирдан икки баробарга ўcган (+441 млрд.сўм).
Муаммоли кредитлар қолдиғи расман қисқаришда давом этмоқда. Ўтган ойда NPL қолдиғи 17,1 трлн.сўмгача (-371 млрд.сўм), улуши 4,7%гача (-0.2%) қисқарган. Давлат банклари орасида энг ёмон аҳвол Халқ банкида, хусусий банклар орасида эса Туркистон банк ва Хай-Тек банк ёпилгандан кейин Равнақбанкда бўлиб турипти.
Дарвоқе, ҳукуматнинг ёпиқ қарори билан "хусусийлаштирилган" Ўзагроэкспортбанк портфели муаммоли кредитлари деярли "списать" қилиб бўлинган. Янги эгаларига топ-тоза қилиб топширишмоқчи шекилли (одатда ёпиқ келишувларда харажати/муаммоси давлатники, даромади бизники қабилида иш тутилади).