Ўзбекистонда кексалар ёшларга қараганда кўпроқ банк ҳисобварақларига эга
Банк ҳисобварағига эга бўлган катта ёшли аҳоли сони тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинди.
Маълумотларга кўра, 18 ёшдан ошган ўзбекистонликларнинг 71,4%и банк ҳисобварақларига эга.
Эътиборлиси, ёш гуруҳлари бўйича ҳисоблаганда, банк ҳисобварағига эга қариялар улуши ёшларнинг тегишли улушига қараганда кўпроқни ташкил этган.
Масалан, 18-29 ёшдагиларнинг фақат 64%и банк ҳисобварағига эга бўлса, 60-69 ёшдагиларнинг 83,7%и банк ҳисобварағларига эга. Бу мамлакатда пенсия ёшидаги қарияларнинг пластик карта билан қамраб олингани, ёшлар ўртасида эса ишсизлик юқори даражадалиги ёки уларнинг норасмий секторда ё хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланиши сабабларига бориб тақалади.
Яна бир эътиборли жиҳат 30-39 ва 40-49 ёшли гуруҳларда банк ҳисобврағига эга аёлларнинг банк ҳисобварағига эга эркакларга нисбатан юқори улушга эга экани билан боғлиқ. Мазкур ҳолат бу ёшдаги аёлларнинг ҳомиладорлик, фарзанд туғиш, турли кўринишдаги ёрдам ва нафақаларга боғлиқлиги билан тушунтириш мумкин. Эркаклар орасида эса, афсуски, бу ёшда ҳам меҳнат мигрантлари улуши баланд.
2017 йилга нисбатан солиштирганда, молиявий инклюзивлик, яъни банк ҳисобварақлари билан қамраб олиш кўрсаткичи деярли 2 баробар ошди (37 фоиздан 71,4%гача). Лекин бу ҳали ҳам ўртача дунё кўрсаткичларидан пастроқ.
Пандемия даврида молиявий инклюзивликнинг қамрови юқори бўлмагани, норасмий иқтисодиётда банд аҳоли улуши юқори эканлиги ижтимоий ёрдамнинг манзиллилигини таъминлашда қатор қийинчиликлар яратган эди.