Ўзбекистон аҳолисининг қарз юки ошиб бормоқда
Аҳолига тақдим этилаётган кредитлар қолдиғининг йиллик ҳисобда тез суръатларда ўсиши молия тизимида кредит таваккалчиликлари кўпайишига, шунингдек нисбатан кам даромадли қарздорларнинг кредитларни қайтара олмаслик хавфининг ошишига сабаб бўлиши мумкин. Регулятор мазкур жараён кредит ташкилотларининг эҳтимолий шокларга заифлигини оширишидан хавотирда.
2023 йилнинг 1 июль ҳолатига кредит олувчилар сони 3,6 миллион кишини ташкил этган. Мазкур кўрсаткич йил давомида 800 мингга ёки 28 фоизга кўпайган. Ҳар минг меҳнатга лаёқатли ёшдаги доимий аҳолига 173 та кредит қарздори тўғри келмоқда. ЯИМнинг номинал ўсиши 19 фоиз бўлган ҳолда аҳолига ажратилган кредитларнинг йиллик ўсиш суръати 54 фоизни ташкил этган.
Кредит маҳсулотлари билан қамраб олишнинг кенгайиши кам даромадли ёки расмий ёки барқарор даромадга эга бўлмаган қатлам ҳисобига амалга оширилаётганига кўпроқ эътибор қаратиш керак. Хатарлар кўпроқ шу ерда жамланмоқда.