Россиядаги ватандошларимиз учун асқотиши мумкин тавсиялар
Ватандошимиз Зарнигор Омониллаева шу кунларда ортиқча муаммо, харажат ва ваҳималардан қутулиш учун ўзининг ҳаракатлари билан ўртоқлашган:
"Ўттиз кунга яраша пулимни нақд қилиб олдим. Интернет ўчиб қолиши эҳтимоли ва санкцияларни ҳисобга олган ҳолда ақлимга бошқа вариант келмади. Қолганини хусусий Тинькофф ва Райффайзендаги карталарда сақлаяпман.
Энг биринчи озиқ-овқатларни сотиб олдим (картошка, сабзи, пиёз ва ҳ.к.) Озиқ-овқат тугаб қолмаса керак. Лекин нархи ошиб кетиш эҳтимоли жуда баланд. Шунинг учун ҳозирги нархларда 10-15 килодан олиб қўйганим зарар қилмайди, деб ўйладим.
Вай-файдан ташқари қўлимдаги уч хил симкарталарнинг ҳаммасига интернет уладим. Бир интернет манбаига боғлиқ бўлиб қолмаслик учун. МТС, Мегафон, Теле2 ва Билайнда вай-фай. Бири бўлмаса бири ишлар, деган мақсадда. Интернетда ишлайдиганлар учун бу жуда муҳим. Мегафон яхши ишламаяпти, масалан.
Доллар, евро, инвестициялар. Ҳеч бирини сотмадим ҳам, олмадим ҳам. Қандай бўлса, шундайлигича турибди. Яқин орада олмайман ҳам, сотмайман ҳам. Портфелим - 57% бўлиб кетди, лекин.
Янгиликлардан ўзимни чекламоқчиман. Умуман ҳеч нарсани билмай ўтириш ҳам яхши эмас. Лекин нима бўлаяптикан, деб мингта сайтни кузатиш ҳам хавотирларга сабаб. Шунинг учун максимал равишда энг ишонган манбаларимни қолдириб, қолганларини вақтинча анфоллоу қиламан.
Яқинлар ва қариндошлар билан алоқаларни узмай, хабар бериб туриш. Интернет борида, алоқалар яхшилигида яқинларга соғман, яхшиман, деб билдириб туриш керак. Украинага яқин ҳудудлар Белгород, Курск, Брянск, Воронеж, Краснодар, Ростов, Қримда яшаётганлар, айниқса. Стратегик ҳудудлардагилар ҳам ҳудди шундай".
- https://t.me/zarnigor1/421@zarnigor1