Январда депозитлар қолдиғи ҳам кескин камайган
Январда банклардаги депозитлар қолдиғи бирданига 6,6 триллион сўмга қисқариб кетган ва 149,6 трлн.сўмни ташкил этган.
Эътиборлиси, депозитлар фақат корпоратив депозитлар туфайли эмас (-6 трлн.сўм), аҳоли омонатлари ҳисобига ҳам қисқарган (-0,6 трлн.сўм). Аҳоли омонатлари қолдиғининг камайиши анчада буён кузатилмаётган эди.
Давлат банклари орасида жами депозитлар қисқариши Ипотекабанкда (-1,8 трлн.сўм), хусусий банклар орасида эса Капиталбанкда (-1,0 трлн.сўм) қайд этилган.
Аҳоли омонатлари бўйича энг катта қисқариш Ўзсаноатқурилишбанкда (-263 млрд.сўм), хусусий банклар орасида эса ОФБда (-84 млрд.сўм) кузатилган.
Аҳоли омонатлари ҳажмининг камайгани банкларда фоиз ставкалар пасая бошлагани туфайлими ёки бошқа субъективликлар сабаблими, ҳозирча бир нима дейиш қийин. Одатда бошқа шароитларда омонатлар қисқариши долларлашув кучайиши ёки уй-жой нархлари юқори даражада ошиши фонида юз беради.